Томорқадан яхши даромад олишни нисботликлар ҳам исботлади

Ургут туманида уддабурон тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Улар нафақат ишлаб чиқариш ёки савдо-сотиқнинг, балки деҳқончиликнинг ҳам устаси экан.

Туманнинг Нисбот маҳалласида 497 хонадон эгаларига қарашли 109 гектар томорқа ер майдони мавжуд.

- Бундан 3-4 йил аввал қишлоқдошларимиз ҳам иссиқхонага қизиқа бошлаганди, - дейди маҳалла раиси Зайниддин Сувонов. – Аввалига бу юмуш кўпчиликка қийин туюлди. Аммо битта-иккита иссиқхона ташкил қилиниб,  улардан яхши даромад келишини билган томорқа ер эгалари аста-секин шу иш билан шуғуллана бошлади. Бугунга келиб маҳалламизда 40 дан зиёд иссиқхона бор.

Маҳалладаги Бурхон Сатторов томорқасида рўзғор учун зарур бўлган сабзавоту мевалар етиштирилади.

- Бозордан фақат гўшт ва ёғ  сотиб оламиз, - дейди хонадон соҳибаси Дилором Суюнова. - 3 сотих иссиқхонада лимон ва мандарин кўчати парваришлаяпмиз. Улар ҳосилга киргунга қадар қатор орасига помидор экиб келяпмиз. Помидорнинг ўзидан йилига камида 6-7 миллион сўм даромад қиламиз. Иссиқхонадаги помидорни парвариш қилиш жараёнида ортиқча кўсакли шохчаларни юлиб ташлаб юбормаймиз. Томирлатиб, кўчат қилиб очиқ ерда ўтқазамиз. Шунингдек, очиқ майдондаги 50 туп олма дарахти ҳам икки йилдан бери ҳосил бера бошлади. Ўтган йили 700 килограмм олма териб олдик.

Айнан Нисбот маҳалласидаги томорқа эгалари ургутликлар учун янгилик бўлган қулупнай етиштириб ҳам мўмай даромад қилиш мумкинлигини исботлади.

- 10 йилдан бери қулупнай етиштириш билан шуғулланяпмиз, - дейди Сайёра Турдиева. – Аввалига бир сотих ерга қулупнай эккандик. Секин-секин кўчат қилиб кўпайтирдик ва ҳозир томорқамизнинг 6 сотихини қулупнай эгаллаган. Биргина ўтган йили 4 сотих ердан 2 тоннанадан зиёд ҳосил олдик.

Ургутликлар аслида ишбилармон эмасми, инновацион усуллардан фойдаланиб томорқалардан ҳам мўмай даромад қилишнинг уддасидан чиқишмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.