Тўрт ҳудудда 4 та туманда 13 879 миллион сўм имтиёзли кредит "еб юборилган"

Қорамол, асалари, парранда, балиқ, қуён алкоголь ва тамаки маҳсулотлари дўконларида, тикув машина ва иссиқхоналар “Paynet” ва авиачипта шохобчаларида сотиляптими!? Хулоса қилишга шошилманг, қуйида бунга батафсил тўхталамиз.

Кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсофли тадбиркорларга енгилликлар яратиш борасида талай ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Аммо яратилган имкониятдан ғайриқонуний равишда фойдаланишга уринаётганлар ҳам йўқ эмас.

Вилоятимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасидаги таъминотчи ташкилотлар ҳисобварақлари, айланмалари таҳлил қилинганда, афсуски, яратиб берилаётган шарт-шароитлар суиъстеъмол қилингани маълум бўлди.

Мисол учун, Оқдарё туманида 2019 йил рўйхатдан ўтган, фуқаро Т.Ж. таъсисчилигидаги “Ф.О.Д.” МЧЖ ҳисобварағига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида 181 нафар жисмоний шахсга ажратилган 3 967,8 миллион сўм, 1 тадбиркорлик субъектига ажратилган 200 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи келиб тушган. Кредитнинг 90 фоизи, яъни 3 747 миллион сўми иссиқхона, қорамол, асалари ва парранда олиш мақсадида, қолган 419 миллион сўм эса балиқ, тикув машинаси, қуён, блок цех аппарати учун берилган. Имтиёзли кредитлар ҳисобидан корхона таъсисчиси фуқаро Т.Ж. пластик карточкасидан ёғоч олиш учун 100 миллион сўм ўтказилган. Яъни, ўз таъсисчилигидаги корхона фуқаронинг ўзидан 100 миллион сўмга ёғоч сотиб олган. 183 миллион сўм учинчи шахснинг кредитлари учун ўтказилган. 2 078 миллион сўм маблағ маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркибида кўзда тутилган харажатларни нақд пулсиз ҳисоб-китоблар орқали тўлаш учун миллий валютадаги корпоратив банк карточкасига ўтказилган. Ажабланарлиси, иссиқхона, қорамол, асалари, парранда, балиқ, қуён, тикув машинаси учун келиб тушган маблағнинг 1 216 миллион сўми тамаки, 861 миллион сўми алкоголь маҳсулотлари ва яхна ичимликлар савдоси фаолиятини олиб борувчи субъектларда ўрнатилган терминаллар орқали чиқим қилинган.

Пайариқ туманида 2020 йил рўйхатдан ўтказилган “Ч.Г.В.” оилавий корхонаси ҳисобварағига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида 33 нафар жисмоний шахсга 689,3 миллион сўм, уч нафар тадбиркорлик субъектига ажратилган 180 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи келиб тушган. Кредитнинг 424 миллион сўми парранда, 259 миллион сўми иссиқхона, 186 миллион сўми тикув машинаси учун йўналтирилган. Имтиёзли кредитлар ҳисобидан 768 миллион сўм маблағ нақд пулсиз ҳисоб-китоблар орқали тўлаш учун миллий валютадаги корпоратив банк карточкасига ўтказилган. Яна юқоридагига ўхшаш ҳолат: парранда, иссиқхона ва тикув машинаси учун келиб тушган маблағнинг 91 миллион сўми тўлов хизмати (“Paynet” тизимидаги) кўрсатувчи корхонага, 298 миллион сўми алкоголь маҳсулотлари ва яхна ичимликлар, 213 миллион сўми озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси фаолиятини олиб борувчи субъектларга чиқим қилинган.

Паст Дарғом туманида ҳам шу каби ҳолат қайд этилган.

Корпоратив карталардан юқоридаги ҳолатлардаги каби тўловларни амалга ошириш 2021 йил апрель ойида кучини йўқотган “Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом”га зиддир. Амалдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низом”га ҳам мос келмайди. Ҳар икки низомда ҳам корпоратив банк картаси орқали амалга оширилган операцияларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик карта ҳисобварағини очган юридик шахс зиммасида бўлиши белгиланган.

Яна бир ҳолатда Иштихон туманида 2021 йил рўйхатдан ўтказилган, фуқаро Н.О. таъсисчилигидаги “К.Т.” МЧЖ ҳисобварағига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида 33 нафар жисмоний шахсга ажратилган 844,4 миллион сўм, 

1 тадбиркорлик субъектига ажратилган 55 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи келиб тушган. Кредитларнинг 393,4 миллион сўми артезиан қудуқларини қазиш, 323,6 миллион сўми иссиқхона, 101,6 миллион сўми тикув машинаси, 80,8 миллион сўми ускуналар учун мўлжалланган. Аммо имтиёзли кредитлар ҳисобидан 4 нафар жисмоний шахснинг тўлов карталарига 536,6 миллион сўм сув насослари ва электр жиҳозлар учун, 212,7 миллион сўм тикув машинаси учун, 44,9 миллион сўми ускуна учун, 103 миллион сўми металл, полиэтилен плёнка, қурилиш моллари учун ўтказилган.

Ўрганишда бир қатор таъминотчи корхоналар ҳисобварағига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобидан келиб тушган маблағлардан 13 миллиард 879 миллион сўми корпоратив банк карточкасига ўтказилгани аниқланди. Шундан 8 710 миллион сўм фаолиятининг тавсифи ва турига мувофиқ бўлмаган ҳамда имтиёзли кредитлар мақсадига номутаносиб равишда сарфланган.

Бугун мақсадли ишлатилмаган кредитнинг эртага муаммоли кредитга айланиш эҳтимоли жуда юқори. Кредитларнинг мақсадли ишлатилмаслиги ва муаммога айланиши фақат банк тизимига эмас, балки жамиятнинг иқтисодий манфаатларига ҳам путур етказади.


Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси ахборот хизмати.