Тошкентда парранда фермасидаги ёнғинда товуқлар нобуд бўлди
Жорий йилнинг 6 ноябрь куни соат 04:32 да Тошкент вилояти Тошкент тумани, Кўксарой ҳудуди, Оқтом МФЙ, Низомий-Ганжавий кўчасидаги “Дўня Паранда” МЧЖга қарашли товуқ фермасида ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.
Хабар асосида воқеа жойига 6 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга 8 дақиқада етиб борган.
Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 05.03 да қуршаб олиниб, соат 06.03 да тўлиқ бартараф этилган. Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлган инсонлар йўқ. Бироқ ёнғин ҳақида аланга майдони кенгайиб кетгандан сўнг ёнғин-қутқарув хизматига хабар берилгани учун биринчи ёнғин ўчириш бўлинмалари воқеа жойига етиб борганда, ферма биноси тўлиқ очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган.
Ёнғин оқибатида товуқ фермасининг 250 квадрат метр майдонида томи, шифти, ички қисми ёниб зарарланган ҳамда 150 донадан ортиқ товуқлар нобуд бўлган.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарига кўра, ёнғинга электр симларида юзага келган қисқа туташув сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.