Тошкентдаги учта уйда ёнғин юз берди

Кеча, 12 август куни 22:23 да ёнғин-қутқарув хизматига Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган 1, 174 ва 178 уйларда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида  хабар келиб тушган.

Хусусан, Ҳамал кўчасидаги 1 уйнинг 130 кв.м. майдондаги томи, шифти ва ички жиҳозлари ёниб кетган. Аланга майдонининг кенгайиши оқибатида Фарғона йўли кўчасида жойлашган 174 ва 178 уйлардаги ҳужрахоналарининг 10 кв.м. майдонининг том қисми ёниб зарарланган.

Ҳамал кўчасидаги 1-уйда яшовчи фуқаро О.М. куйиш жароҳатини олиб шифохонага юборилган.

Хабар асосида воқеа жойига 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Бўлинмалар кўрсатилган манзилга етиб борган ва 23:30 да олов тўлиқ ўчирилган. Уйларнинг 105 кв.м. майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси берган маълумотга кўра, ҳодиса сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.