Тойлоқ туманида ҳиндистонлик ўқитувчи дарс беряпти

Бугун баъзи қишлоқ мактабларида хорижлик ўқитувчилар дарс беряпти. Улардан бири ҳиндистонлик Сунита Бошпа. У Тойлоқ туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бериб келмоқда.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-турда ҳиндистонлик ўқитувчи билан суҳбатлашдик.

- Мен 2023 йилнинг октябрь ойида ушбу мактабга шартнома асосида келиб, иш бошладим, - деди Сунита Бошпа. – Ҳокимлик томонидан менга мактабга яқин жойдан ҳамма шарт-шароитларга эга турар жой ажратилди. Тойлоқлик ўқувчиларда билим олишга иштиёқ кучли экан, улар билан тезда тил топишиб кетдим. Менга мактаб дарсликлари Кембриж университети дастурлари асосида мукаммал яратилгани маъқул бўлди. Ҳиндистонда мактабларда ҳамма фанлар инглиз тилида олиб борилади, лекин бизда бундай сифатли дарсликлар йўқ. Мен бу ерга бир йиллик шартнома асосида келган бўлсам-да, яна Ўзбекистонга келиб, болаларга дарс беришни истаяпман. Ўқувчиларимнинг олий ўқув юртларига ўқишга киришларини кўришни хоҳлайман.

Ҳиндистонлик ўқитувчи дарсда ўқувчилари билан инглиз тилида эркин мулоқот қилди. Ўқувчиларнинг деярли ҳаммаси ўқитувчининг саволларига инглиз тилида тўлиқ жавоб қайтарди.

- Мен инглиз тилини ёшлигимдан яхши кўриб, ўрганиб келмоқдаман, - деди 9-синф ўқувчиси Сабина Рустамова. – Ўқитувчим Сунита мактабимизга келганидан бери инглиз тилида анча яхши гапиряпман. Ҳозирда инглиз тилини С1 даражасида биламан. Яқинда IELTS - чет тилини билиш сертификати учун имтиҳон топшираман. Синфимизда мен каби инглиз тилида бемалол сўзлаша оладиган ўқувчилар кўп.

Ўтган йили вилоятимизга 13 нафар хорижлик ўқитувчи келган бўлса, бу йил 20 нафар чет эллик муаллим мактабларимизда дарс беряпти, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутахассиси Наргиза Усмонова. – Уларга туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан турар жой ажратиб берилган. Хорижлик ўқитувчиларнинг 16 нафари россиялик, 3 нафари франциялик ва 1 нафари ҳиндистонлик ўқитувчидир. Келаси ўқув йилига янада кўпроқ хорижлик ўқитувчиларни жалб қилишни режалаштирганмиз.

Пресс-тур давомида журналистлар Самарқанд шаҳридаги 109-давлат мактабгача таълим ташкилоти билан ҳам танишди.

- Болалар боғчаси 2023 йилда Инвестиция дастури асосида қайта қурилди, - деди 109-ДМТТ директори Севара Қорабоева. – Ҳозирги кунда болалар боғчаси 120 ўринга эга бўлиб, унда инглиз тили, гимнастика тўгараклари мавжуд.

Барча шарт-шароитларга эга мактабгача таълим ташкилотида болажонлар шеър айтиш, рақсга тушишдан ташқари, йўл ҳаракати қоидаларини билиши, табиатни асрашни ўрганаётганини машғулотлар орқали кўрсатишди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.