Тойлоқда оммавий спорт турлари ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар қачон ечилади?
Спортнинг инсон саломатлигини таъминлашдаги аҳамияти, давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи, жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида яна узундан-узун ёзиш ортиқча. Негаки, соҳани ривожлантириш шу қадар муҳим бўлмаганида давлатимиз раҳбари айнан шу масалада йиғилиш ўтказмаган, орадан ҳафта-ўн кун ўтмасдан бу борадаги аҳвол вилоят ҳокими томонидан муҳокама қилинмаган бўларди.
Ҳар икки йиғилишда ҳам оммавий спортни ривожлантириш борасидаги муаммолар қайд этилиб, уларни қисқа фурсатда ҳал этиш юзасидан топшириқлар берилди. Хўш, жойларда аҳвол ўнгландими, ҳеч бўлмаса шунга ҳаракат бошланганми?
Афсуски, бу саволларга Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида “ҳа”, деб жавоб бериб бўлмайди. Хусусан, Тойлоқ тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида бўлганимизда ёшлар ўзлари қизиққан спорт турлари билан машғул эканлигини кўрдик. Аммо ҳовлидаги бетон ариқнинг чиқиндиларга тўлгани, замонавий спорт залида тозаликка эътибор сустлиги дилни хира қилди.
Зални ёритиш чироқларидан айримлари ишдан чиққан. Агарда мутасаддилар озгина ҳафсала қилганларида ювиниш хонаси фаррошлар хонасига айланиб қолмаган бўларди.
“Гардероб” ёзуви илинган кийим алмаштириш хонасида негадир кийим илгичлар йўқ. Хонада елим пакетлар ва аслида ўқувчилар фойдаланиши керак бўлган спорт жиҳозлари турибди. Ваҳоланки, вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда айни шу масала - мавжуд спорт инвентарлари ва заллардан самарали фойдаланиш топшириғи берилган эди. Умуман, буни шахсан вилоят ҳокимининг ўзи йил давомида бир неча марта айтди.
Муассасада мактаб ходимларининг хизмат вазифаси тақсимоти 2018 йилда тасдиқланган ҳолича қолиб кетган. Балки, иш ўзи бўлар қабилида ташкил этилганлиги учун ҳам муассаса тарбияланувчилари орасидан на Осиё ва на жаҳон чемпионлари етишиб чиққан?
Тумандаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг спорт залида дарс вақти бўлса-да, ўқувчиларни учратмадик. Бироздан сўнг спорт кийимидаги ўқувчиларни жисмоний тарбия фани ўқитувчиси эмас, мактабнинг ёшлари етакчиси “етаклаб” келди.
- Жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг бири малака оширишда, иккинчиси ўқувчиларни мусобақага олиб кетганди, - дея изоҳ берди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Зуҳра Аҳмедова. – Жисмоний тарбия дарсини етакчи билан бирга чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси ўтади.
Лекин ўқитувчи бундан бехабар. Биргина, шу ҳолатнинг ўзи мактабда ёшларни спортга жалб этишнинг аҳволини кўрсатиб турган бўлса-да, спорт залидаги ёғоч панжаралар ораси чиқинди билан тўлганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринли.
Чорбоғтепа қишлоғидаги 43-умумий ўрта таълим мактабининг футбол ўйингоҳи шундоққина автомобиль йўли олдида жойлашган, атрофи тўсиқлар билан ўралмаган. Мактаб директори Муҳайё Хожимуродованинг таъкидлашича, бу муаммони бартараф қилиш масаласи бир неча бор мутасаддиларга айтилган. Ҳатто янги ўқув йили арафасида туман ҳокимлиги вакиллари ҳам кўриб кетган. Натижа эса...
Мактабда ўқувчиларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун яратилган шароит тўғрисида гап кетганда спорт зали ва қўшимча хоналар ёритилмаслиги, ўқувчиларнинг ювиниш хонаси умуман ишламаслигини айтиш лозим. Бир қарашда арзимасдек кўринган муаммо йиллар давомида ечимини топмагани ажабланарли.
Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Нурмуҳаммад Қўчқоровнинг айтишича, 9 йилдан буён ювиниш хонасидан фойдаланилмайди. Бу борада туман ҳокимлигига таклифлар берилган. Лекин ўзгариш бўлмаяпти.
Мактаблардаги аҳволни қайсидир маънода тушуниш мумкиндир. Аммо йиллар давомида мактабларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида назоратнинг сустлиги, эътиборнинг камлиги боис бир қатор муаммолар тўпланиб қолган. Бироқ уларни қисқа вақт ичида бартараф этиш топшириғи берилса-да, нега Тойлоқда ўзгариш бўлмаяпти?
Шу саволлар билан Тойлоқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига кириб бордик. Ҳозирда бу масканда 13 та олимпия, 3 та миллий, 1 та ноолимпия спорт туридан 595 нафар ўқувчига 57 нафар олий тоифали мураббий-тренер машғулот ўтмоқда.
Ўқувчи-спортчиларнинг 24 нафари Ўзбекистон терма жамоаси таркибига аъзо бўлган бўлса, 77 нафари терма жамоа аъзолигига номзод. 2 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси, 2 нафар Ўзбекистон Республикаси спорт устаси, 141 нафар спорт усталигига номзодлар бор.
Бу муассасада машғулотлар ўтиляпти, шароит етарли. Аммо бу ерда ҳам бир мунча муаммолар мавжуд. Мактаб-интернати директори Баҳодир Бердиқуловнинг таъкидлашича, 2020 йилда спорт мажмуасини капитал таъмирлаш режалаштирилган, спорт жиҳозлари янгиланади. Шунингдек, бу ерда фитнес марказ ҳам ташкил этилади. Мавжуд ётоқхона таъмирдан чиқарилиб, қўшимча бино қурилади.
Жараённи кузатишда давом этамиз ва мавзуга яна қайтамиз.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.