Тойлоқдаги мактаб раҳбарлари дафтар муқовасини мажбурлаб сотганми?

Жорий йилнинг 3 март куни ижтимоий тармоқларда “Мактаб маъмурияти муқова сотиб, пул ишламоқда” сарлавҳали пост эълон қилинди. Унда Тойлоқ туманидаги 3-умумтаълим мактаби маъмурияти ўқувчиларга дафтар муқовасини 1000 сўмдан мажбуран сотаётганлиги иддао қилинган.

Тойлоқ тумани халқ таълими бўлими масъул ходимлари ва мактабнинг кузатув кенгаши томонидан ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилди.

Ўрганишлар натижасига асосан мактабда ҳеч қандай дафтар муқоваси пулга сотилмаганлиги маълум бўлди. Ваҳоланки, дафтарларга муқовалар ўқувчиларнинг ўз ихтиёри билан фан дафтарларининг юзини озода сақлаш мақсадида юритилган.

Шунингдек, бу борада мактаб маъмурияти томонидан мажбурий тартибда талаб қўйилмаганлиги аниқланди.

Ўқувчи ва ўқитувчилар ҳамда ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ушбу хабар ўз исботини топмади.