Тозалик кутма, уни ўзинг бошла!

Йўқ, бу шунчаки шиор эмас, аввало ўзимга эслатма ўлароқ қоғоз қоралаяпман.

"Мароқанд обод" давлат муассасаси маълумотларига кўра, ҳар куни Самарқанд шаҳридан 600–700 тонна маиший чиқинди ташиб кетиларкан. Унинг 20 фоизини белгиланмаган жойларга ташланган чиқиндилар ташкил этаркан.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, бугунги кунда йўл четида, кўп қаватли уйлар атрофида, канал ёқаларида чиқинди тўпланиши одатий ҳолга айланган.

Чиқинди қутиси тўлиб-тошгани, олиб кетилиши кечикаётгани юзасидан аҳолининг нолиётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Лекин тан олайлик, кўп ҳолатларда қути бўш турса ҳам чиқиндини унинг ёнига ташлаб кетяпмиз. Демак, муаммо хизмат кўрсатиш сифатида эмас, ўзимизнинг экологик маданиятимизга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Чиқиндига муносабатда дунёда энг ибратли давлат Япония ва япон халқи, десак хато бўлмайди.

– Ишонасизми, бир неча кун юриб бирор жойда майда бўлса ҳам чиқиндини, кўчаларда чиқинди қутиларини кўрмадим, - дейди яқинда кунчиқар юртда хизмат сафарида бўлган шаҳар масъулларидан бири. – Тизим иши шунчалик тартибли ташкил этилганки, кўриб ҳавас қиласиз. Аҳоли маданиятига эса умуман гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Аввало, чиқинди турига қараб махсус қутиларга ёки белгиланган жойга ташланади. Ва деярли барчаси қайта ишланади.

Чиқинди пайдо бўлишидан тортиб, ҳар жойда сочилиб ётмай қайта ишланиб фойдали маҳсулотга айланишигача бўлган жараёнда асосий ролни япон фуқаролари ўйнайди. Яъни, уларнинг онгли муносабати билан бутун дунё ҳавас қилгулик тизим яратилган.

Бунга катта-катта жарималар орқали эмас, оила ва таълим муассасаларидаги тўғри тарбия, болаликдан ўргатилган экологик маданият, атроф-муҳитни муаффо сақлаш, тозалик ва шахсий гигиенага қатъий риоя қилиш билан эришилган.

Болалар мактабда тозаликка аввало ўзи масъуллиги уқтирилади, ҳатто дарсдан сўнг синфни ўқувчилар тозалайди. Уйда, кўча-кўйда одамлар бўшаган сув идиши ёки музқаймоқ ўрамини дуч келган жойга улоқтирмай хонадонига олиб келиб, махсус пакетларга жойлайди. Келажак авлодга ибрат кўрсатади.

Биздачи? Бизда эса кўпчилигимиз чиқиндини истаган жойга ташлаб кетаверамиз. Натижада боғча ёки мактаб ҳовлиларида, истироҳат боғлари ва бошқа дам олиш масканларида, кўча четлари ва ариқларда ҳам турли хил чиқиндиларни кўришимиз мумкин.

Биз ўзимизку ибрат бўлмаймиз. Ҳеч бўлмаганда, ариққа ёки кўча четига чиқинди ташлаётган қўшнимизни бу иши нотўғрилигини айтиш ўрнига “менга нима?” деб эътиборсиз бўламиз. Мактаб ўқувчиси банан пўчоғини ерга ташлаганини кўрсак, “ҳа, энди бола-да” деб қўямиз.

Аслида булар шунчаки қилмиш эмас, жамиятдаги умумий онг даражасининг аксидир.

Чиқинди контейнерлари бор, тозаликни тарғиб этишга қаратилган акциялар ўтказиляпти, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Аммо қачонки бутун кўча, маҳалла, шаҳар аҳли саранжом-саришта яшашга ўрганса, ободлик ҳар биримизга боғлиқлигини ҳис қилса, юртимиз тоза-озода бўлади. Бу жамоавий тарбия, умумий онг масаласидир.

Чиқинди ташлашдан аввал ўйлаб кўрайлик: бу юрт бизнинг юзимиз, бу ерда биз яшаймиз.

Олим Соннибоев.