Трамп АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштиришни тўхтатиши мумкинлигини маълум қилди
АҚШ Президенти Дональд Трамп расмий Вашингтон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштиришни тўхтатиши эҳтимоли мавжуд эканлигини маълум қилди.
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШдан йирик миқдорда маблағ олди. Биз аъзо сифатида йирик миқдорда пул ажратардик. Улар менинг ҳаракатланишни чеклаш қароримни танқид қилишди. Бундан ташқари, улар кўп хатоларга йўқ қўйдилар. Улар тақдим этган маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, диққатларини Хитойга қаратишганга ўхшайди... Шундай қилиб, биз буларнинг барчасини яхшилаб ўрганиб чиқамиз. Биз ЖССТга ҳомийлик қилишни тўхтатамиз. Кейин кўрамиз”, деди Трамп сешанба куни ўтказилган матбуот анжуманида.
Бироқ журналист томонидан ҳақиқатдан ҳам у шундай қарорга келганлиги тўғрисида берилган саволга Трамп маблағ ўтказилишини тўхтатиш “эҳтимолини ўрганиб чиқишни” назарда тутганини айтди.
Олдинроқ Трамп АҚШ томонидан молиялаштириладиган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти асосий эътиборини Хитойга қаратаётганини танқид қилган эди. БМТ Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик Америка Президенти сўзларига изоҳ бериб, ЖССТ коронавирус пандемиясига қарши курашда ўлкан ишларни амалга оширганини таъкидлади.