Трамп Пентагоннинг Марказий разведка бошқармаси билан алоқаларини бузмоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Марказий разведка бошқармаси ва АҚШ мудофаа вазирлиги ўртасидаги мавжуд алоқага зарар етказиши мумкин. Оқибатда разведка ходимлари Пентагон кўрсатадиган баъзи ёрдамлардан маҳрум бўлиш эҳтимоли бор. Бу ҳақда “Thye New York Times” газетаси манбаларга асосланиб хабар бермоқда.

АҚШнинг ҳозирги ва собиқ расмийлари маълумотига кўра, 15 йил олдин ҳарбийлар ва разведка идоралари ўртасида тузилган ҳамжиҳатлик меморандумини маъмурият қайта кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, шу пайтгача Марказий разведка бошқармаси ўз фаолияти мақсадида фойдаланган ҳамда ходим ва пудратчиларига тиббий ёрдам кўрсатилган АҚШнинг ҳарбий базалари сони дунё бўйича қисқариши мумкин.

Шунингдек, маълум бўлишича, Пентагон махсус хизматга бириктирилган терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳарбий экспертлар сонини қисқартириши ва АҚШнинг учувчисиз ҳаво воситалари флотининг асосий қисмини бошқариш ҳуқуқидан Марказий разведка бошқармасини маҳрум қилмоқчи.

Баъзи манбалар бу ҳаракатни Трамп ҳукмронлигининг сўнгги ҳафталарида Марказий разведка бошқармасига босим ўтказишга уриниши сифатида баҳоламоқда. Аммо Жо Байден маъмурияти бундай қарорни бемалол «орқага қайтариши» ҳеч гап эмас.

"Пентагон Хитой билан қарама-қаршиликка кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида ресурсларни тўғри тақсимлашга ҳаракат қилмоқда", деди Пентагон вакили журналистларга. Унга кўра, 15 йил олдинги келишувни қайта кўриб чиқиш ҳам Пентагон, ҳам Марказий разведка бошқармаси манфаатларига хизмат қилади.

Декабрь ойи бошида Джо Байден аввал Россияга қарши санкциялар жорий этиш ва Москванинг сайловларга "аралашуви"ни тергов қилиш билан шуғулланган Дэвид Коэнни Марказий разведка бошқармаси бошлиғи сифатида кўришни исташи маълум бўлди.