Тринадад Тобагодаги кўл остидан энг сифатли асфальт қазиб олинади

Ер қаърида бебаҳо табиий бойликлар кўп: газ, нефть, олтин, кўмир, мис, мелибден, никель уран ва ҳоказолар. Аммо ер остида табиий асфальт кони ҳам мавжудлиги ҳақида кўпчилик эшитмаган. «Мир новостей» (2020 йил, 48-сон) ҳафтаномасида бу ҳақда ўқимагунча мен ҳам ишонмасдим.

БМТ маълумотларига қараганда, Тринадад Тобаго давлатидаги йўллар энг сифатли экан. Тринадад маҳсулоти дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатларига ташиб кетилади. Бу табиий асфальт билан қопланган йўллар + 40 даражадан – 25 даражагача бардош беради. Ушбу бебаҳо табиий кон жанубий Кариб Тринададнинг жануби-ғарбида Пич-Лейк битум кўлида жойлашган. Майдони 45 гектар, чуқурлиги 75-90 метрни ташкил этади.

Жаҳондаги йирик бу табиий асфальт ҳафзаси 1959 йилда очилган ва ўшандан буён ушбу битум кемаларнинг сиртини қоплаш учун фойдаланиб келинган. Аммо ХХ аср бошларида кўлдаги битум қота бошлаган ва ушбу хом ашёнинг ярмидан кўпи табиий асфальтга тўғри келади ва йўл қурилиши учун зарур қаттиқликка эга. Табиатнинг бундай туҳфаси ноёблиги шундаки, ресурс доимий равишда қайта тикланиб туради. Пич-Лейкдаги қайта тикланадиган асфальт ҳозирги суратда қазиб олиниб фойдаланилса ва экспорт қилинса, 300 йил давомида муҳим манба бўлиб туради.

Олимлар бундай конлар сирини ҳозирча аниқлашгани йўқ. Бундай доимий қайта тикланиб турадиган катта-кичик битум хом ашёси ҳавзалари дунёнинг бошқа олис-яқин ҳудудларида ҳам мавжуд. Жумладан, Бошқирдистон, Коми, Венесуэла шимолида, Индонезиянинг Суматро оролида, Канаданинг шимоли-ғарбидаги Атабаскида, Шарқий Африканинг Эритерия қирғоғи бўйларида, Албанида. Шундай хом ашё Тоғли Қорабоғда ҳам бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.