Туғма юрак нуқсонли 47 нафар бола операциясига сарфланадиган маблағни ҳоким зиммасига олди
Туман тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, ҳозир Паст Дарғомда 18 ёшгача бўлган болаларнинг 123 нафари туғма юрак нуқсонидан азият чекишмоқда. Яшашни исташади, дард билан «олишади» ҳар бири. Чунки, барининг орзу-умидлари бор…
- Ҳар гал халқ қабулхонасида нажот истаб, фарзанд дардини ҳис қилиб турган оналар ҳасратини тинглаш осон эмас, - деди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари А.Ўтаев. – Қўлимиздан келгани даволаниши учун тегишли муассасаларга ордер берамиз. Туғма юрак нуқсонли болалар тўлиқ кардиолог врачлар кўригидан ўтказилган. 2020 йил охиригача операция қилинувчилар навбатига ҳам киритилган. Бемор болаларнинг 23 нафари Тошкентда операция қилинган. 1 таси Россияда, 3 нафарининг ота-онаси Ҳиндистонда даволатиб қайтишди. Аммо бундай мураккаб жарроҳлик амалиётига сарфланадиган харажатларни ҳамма ота-оналарнинг ҳам ҳамёни кўтаравермайди.
Мутахассислар ташхисларига асосланиб, 2008-2018 йилларда туғилган 47 нафар болани зудлик билан операция қилиш орқали соғлом ҳаётга қайтариш мумкинлигини туман ҳокими Шунқор Худайбердиевга билдирдик. Ҳар бир операцияга 23 турдаги дори-дармонлар учун 14 миллион сўмлик харажат талаб қилиниши ҳам назарга олинди.
- Самарқанд шаҳар болалар юрак хирургияси бўлимида бу операциялар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Дўхтирлар билан боғланиб, вазиятни тушунтиринг. Паст Дарғомлик болаларнинг ҳаёти бизга керак. Ҳаммасининг операцияси учун сарфланадиган маблағни ҳокимлик зиммасига олади, - деди туман ҳокими.
Лолазор маҳалласида яшовчи 8 ёшли Шерзод Сайфуллаев ана шу ташаббус билан бошланган муолажада вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси юрак хирургия бўлими очилишига сабаб бўлган малакали шифокор Мақсуд Саидовнинг биринчи бемори бўлди. Операциядан сўнг анча ўзига келган болакайнинг онаси билан суҳбатлашдик.
- Тошкентга ҳам олиб бордим. Шифокорлар 2 босқичда операция қилинишини, лекин яшаб кетишга кафолат йўқлигини айтишди. Бунинг устига жарроҳлик амалиётига қўлимиз калтароқ. Туман ҳокимлигига мурожаатимдан сўнг, яратган йўлимизни ўнглабди. Самарқандда шу дард билан туғилган болаларни даволаш муассасаси очилибди. Болажонимнинг дардига бефарқ қарамаганларга раҳмат, операцияга сарфланадиган маблағни ҳам тўлашибди, - деди Шерзоджоннинг онаси Муниса Турсунова.
- Бу ердан чиққач кўп ўқийман. Ё ҳоким бўламан, ё дўхтир. Мен ҳам худди ана шу одамлардай дардманд беморларга ёрдам бераман, - деди Шерзоджон.
- Ўтган йил май ойидан буён туғма юрак нуқсони бор болаларни ҳаётга қайтараяпмиз, - деди суҳбатдошимиз Мақсуд Саидов. – Вилоят ҳокимлигидан миннатдормиз. Қиймати 2 миллиард сўмлик операция учун муҳим «Аксегенатор» тиббиёт асбобини олишга маблағ ажратди. Шарт-шароитлар яратилди. Шу сабаб Самарқандда ҳам мураккаб бу амалиётни муваффақиятли амалга ошириш имкони туғилди.
- Ҳозиргача бу ерда қанча бола бу дарддан фориғ бўлди?
- 170 нафардан ортиқ. Шу кеча кундузда ҳар куни биттадан жарроҳлик амалиёти ўтказаяпмиз.
Ҳеч бир муассасада 5 килограмм вазндаги болани мураккаб бундай операция столига ётқизишмайди. Самарқандда бу жарроҳлик амалиёти ҳам муваффақиятли ўтди.
- Вилоятда шу кунгача болалар юрак жарроҳи мутахассислари бўлмаганми?
- Кўпроқ амалиёт билан жарроҳ малакаси ошади. Москва шаҳрида бир неча йиллар ординатурани ўтадим. Изланишни амалиётда қўллаб, тиббиёт фанлари номзоди бўлдим. Айни вақтда докторлик ишини давом эттираяпман. Ҳозир эса малакали жарроҳлардан шогирдлар ҳам тайёрлаяпман.
- Асли пастдарғомлик экансиз…
- Паст Дарғомданман Самарқанд тиббиёт институтида ўқиб, Россияда малака оширдим. Олган билим, тажрибам билан юртимга нафим тегсин, дея шу ерда иш бошлаганимга ҳам бир йилдан ошди.
- Пастдарғомлик 47 нафар бола …
- Туғма юрак нуқсонли беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши учун 23 турдаги дори-дармонлар зарур бўлади. Бу камида 14 миллион сўм дегани. Паст Дарғом туман ҳокими биринчи бўлиб бу харажатларни тўлаш ташаббуси билан чиққани халқимизга хос мурувват намунаси. Хаста беморларга меҳр-мурувват кўрсатилиши бошқа давлатлардан келиб мураккаб операцияларда қатнашаётган ҳамкасбларимни ҳам лол этди. Ана шу харажатларнинг ўзи ҳам салкам 750 миллион сўмни ташкил этади. Яна бир муҳим жиҳати, ҳозир ана шу болаларнинг ҳар бирига 450 минг сўм атрофида ногиронлик нафақаси тайинланган. Операциялардан сўнг бу болалар буткул соғаяди. Яъни, нафақага эҳтиёж ҳам, зарурат ҳам қолмайди. Демак, 2-3 йилдаги нафақалари миқдори тўлиқ қопланиб кетади.
- Уларда тўлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилишига қанча вақт кетади?
- Уч ой атрофида бу болаларнинг ҳаммаси соғлом ҳаётга қайтади…
Суҳбатдан сўнг шифокорлар ижозати билан палаталарни кўздан кечирдик. Ҳар бир хона замонавий жиҳозланган. Хоналарга бўйларканмиз, оналарнинг ёруғ чеҳралари, операциядан бир муддат ўтиб юзлари тиниққан болажонларнинг ўйинчоқлар билан «машғул»ликларини кўрдик. Эндигина операциядан чиққан Шерзоджон ҳам бугун, эрта ана шу тенгқурлари қатори шўх-шодон қий-чув қилишини сезаётган Муниса Турсунованинг эса дўхтирларга миннатдорчилигини қароғига қалққан кўз ёшлари намоён этаётгандай. Демак, яна 47 нафар болажонларнинг оналари қалбида яқин орада ўкинч қолмайди, кўзларида севинч кўз ёшларини кўрамиз.
Улуғбек Раҳимов.