Тунгус метеорити: У содир бўлганми ё йўқ?

Тунгус метеорити ҳозиргача сирлигича қолиб келмоқда. Метеоритнинг ўзини ҳеч ким кўрмаган, урвоғини ҳам топмаган. Гувоҳлар қолдирган ёзувларда қайд этилишича, осмонда «ёрқин ёруғлик» пайдо бўлиб, «кучли гумбурлаш» эшитилган. Бир томонга қулаган юзлаб дарахтларни кўришган. Ҳозиргача ҳодиса ҳақида экспедициялар бошқа маълумотларни аниқлай олмаган.

Хўш, 1908 йил 17 июлда Тунгус тайгасида қандай ҳодиса юз берганди?

Ўша куни минглаб одамлар Енисей губернияси устидан учиб ўтган оловли шарни кўрган. Соат 7 дан 15 минут ўтганида Подкаменная Тунгус дарёси ҳавзасида кучли портлаш рўй берган. Унинг қуввати 10 – 40 мега тонна тротил куч эквивалентига тенг бўлиб, жаҳоннинг ҳамма жойдаги сейсмографлар қайд этган.

Тадқиқотчилар "Портлаш ҳавода 5 километрдан 10 километргача баландликда рўй берган, оқибатда парчалардан Чеко кўли ҳосил бўлган", деган хулосага келди. Аммо ушбу кўл тубида ҳам, бошқа қўшни кўлларда ҳам метеорит парчаларини қидирув ҳеч қандай натижа бермади. Бундан ташқари, Чеко кўлини синчиклаб ўрганиш унинг камида 300 йил аввал абадий музликлар эриши натижасида пайдо бўлганини кўрсатди. Яъни, 1908 йилдаги метеорит ҳодисасига унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Қўшни Запаведное ва Пеюнгда кўллари эса яна ҳам илгари, 2000 йилча аввал пайдо бўлган. Хуллас, қачонлардан буён Ерга қулаётган метеоритлар ичида энг қудратлиси ўзидан на кратер, на чуқур қолдирганди. Ягона из - кучли портлаш, қулаган дарахтлар ва ёнғин. Шу боис тадқиқотчилар яна Тунгус жумбоғига қайтдилар.

Тунгус метеоритининг келиб чиқиши Никол Тесла тажрибаси билан боғлиқ эмиш. Олим узоқ масофага ҳаво орқали электр узатишни тажриба қила туриб, кучли қувватни Сибир тайгасига йўналтиришга муваффақ бўлган эмиш. 

Бу назарияни ҳеч ким инкор қилгани йўқ, жиддий кўриб чиққан ҳам эмас. Негаки, тажрибага қараганда, метеорит қулаган деган тахмин ишончлироқ кўринади. Чунки Тесла тажрибасини ҳали ҳеч ким такрорлашга муваффақ бўлгани йўқ. Аммо метеоритнинг ўзи ҳам, изи ҳам йўқлиги Тесла тажрибасини ҳақиқатга яқинроқ кўрсатмоқда. Осмондаги олов изни яшин шар қолдирган, у ўзида мегаватт қувватни жамлаган. Тайга устида яшин чақнаган, портлаш узоқ-узоқ жойларга эшитилган. Аланга 2000 квадрат километр майдондаги дарахтларни қулатиб, кулга айлантирган. Метеоритнинг ўзи, изи ҳам бўлмаган, Тесла тажрибасига эса янгича нуқтаи назар билан қараш лозим бўлади. 

Хўш, Тесла қанақа тажриба ўтказган?

Югославиялик бу олим ўтган асрда космосдан энергия олишни кашф қилган, 20 метр баландликда минора ясаб, фазодан энергия тўпловчи аппарат ёрдамида ҳосил бўлган катта электр қувватини маълум масофага йўналтириб, синаб кўрган. Тунгус ҳодисаси ана шу тажриба маҳсули, деган тахмин бор. Бу ҳақиқатга нечоғлик яқин, балки навбатдаги тадқиқотларда маълум бўлар...

Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.