Туризм экспортини 3-4 баробар оширсак, жайдари қилиб айтганда, “пахта экмасак” ҳам бўлаверади — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашув чоғида келгуси етти йилда туризмни ривожлантиришга оид режалар ҳақида тўхталди.
“Туризм соҳасида яратилган 1 та янги иш ўрни, бошқа соҳаларда яна 2 та иш ўрни пайдо бўлишига туртки беради.
Очиқ айтадиган бўлсак, жазирама иссиқ ва изғирин совуқда, ҳаммани пахтага мажбурий сафарбар этган йилларда ҳам, Ўзбекистон пахта толасининг экспорти 1 миллиард доллардан ошмаган.
Ҳозирги кунда туризм экспорти бу маррадан ошиб ўтди. Агар уни 3-4 баробар оширсак, жайдари қилиб айтганда, “пахта экмасак” ҳам бўлаверади.
Шунга кўра:
— барча халқаро аэропортларда хорижий туристларга Ўзбекистонда сотиб олган маҳсулоти учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш йўлга қўйилади;
— хориждан турист олиб келган тур-операторларга экспортчи корхоналар каби, қўшилган қиймат солиғи тўлиқ қайтариб берилади;
— тур-операторлар транспортига шаҳардаги туристик маршрут ва объектларга бориш учун қулай ҳаракатланиш шароитлари таъминланади;
— чет элдан олиб келинган туристик транспорт воситалари учун қўшилган қиймат солиғини 3 йил ичида фоизсиз ва бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади”, – деди номзод.