Туркманистон "жаҳаннам дарвозаси"ни ўчирмоқчи
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бу ҳақдаги фикрини йил аввалида айтганди.
У кўп ўтмай “дўзах дарвозаси”, яъни 50 йилдан ортиқ ёниб турган улкан газ кратери “атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига етказаётган зарари” туфайли ўчиришни буюрди.
“Экспортдан катта фойда олиш ва ундан халқимиз фаровонлигини оширишда фойдаланиш мумкин бўлган хом ашё йўқ бўлмоқда,”, дея қўшимча қилди ва бу ишга олимлар, хорижлик маслаҳатчиларни жалб этишга чақирди.
2013 йилда машҳур канадалик саёҳатчи Жорж Коронис кратер тубига тушиб, у ерда юқори ҳароратда яшовчи энг ноёб бактерияларни топди. 2019 йилда президент Гурбангули Бердимуҳамедов «жаҳаннам дарвозасидан»дан автомобилда ўтган эди.
Дарвоза Ашхободдан 260 километр шимолда жойлашган бўлиб, 1971 йилда газ қудуғининг қулаши натижасида ҳосил бўлган диаметри 60 метр ва чуқурлиги 20 метр бўлган кратердир. Газ тарқалишининг олдини олиш учун геологлар газ бир неча ҳафта ичида ёниб ўчишига ишониб уни ёқишган эди.
Расмийлар Дарвозани ўчиришга бир неча бор уринишган бўлиб, биринчи марта 2010 йилда муҳокама қилинган эди.
Метан ташланиши бўйича дунёда етакчи
Туркманистон табиий газ захиралари бўйича дунёда бешинчи давлатдир. Ўтган ой Россия Туркманистондан газ импортини 2021 йилга бориб икки баробарга оширишини эълон қилди. Шунингдек, мамлакат Хитойга хомашё сотишни 40 миллиард куб метрдан 100 миллиард куб метргача оширишни режалаштирмоқда. Туркманистон иқтисодиёти хомашё экспортига қаттиқ боғлиқ бўлганлиги сабабли, сиёсатшунослар Бердимуҳамедовнинг "Дўзах дарвозаси"ни ўчиришга буйруқ беришининг асосий сабаби - иқтисодий, дея ҳисоблашади.
Шу билан бирга, нефть ва газ саноати нафақат мамлакат ёки минтақа атроф-муҳитига жиддий зарар етказмоқда. Kayrros SAS мониторинг компанияси маълумотларига кўра, 2019 йилда дунёдаги энг кучли 50 та метан чиқишининг 31 таси Туркманистон улушига тўғри келган. Газнинг умумий чиқиндилари бўйича Марказий Осиёнинг ушбу кичик давлати Россия, АҚШ, Эрон ва Ироқдан кейин иккинчи ўринда туради.
"Бизда дунё бўйлаб жуда катта (метан) эмиссия харитаси мавжуд. Туркманистон бу харитада етакчи ўринлардан бири, аммо Дарвоза унда йўқ", - деди Euronewsга Kayrros консалтинг компанияси бош таҳлилчиси Антуан Халфф.
Карбонат ангидрид (CО2) ва метан чиқиндилари иқлим ўзгаришига энг катта таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, метан, атмосфера таркибидаги ўзгаришларга нисбатан қисқа муддатли ҳиссасига қарамай, сайёрани карбонат ангидриддан ўн баробар тезроқ иситади.
Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, биргина 2020 йилда Туркманистонда нефть ва газ чиқиндилари йилига 3,5 миллион тонна метанни ташкил этган, бу - Дарвазанинг 50 йил давомида чиқарган чиқиндиларига деярли тенг бўлди. Халфнинг сўзларига кўра, мамлакатдаги асосий муаммо кратернинг ёнишида эмас, балки эскирган совет ускуналаридир.
"Ҳозир кратердан чиқадиган газ ёнмоқда ва бу - Дарвоза кратери Туркманистондаги метан чиқиндиларининг асосий манбаи эмаслигининг сабабидир. Демак, гап кўпроқ карбонат ангидрид чиқиндилари ҳақида кетмоқда ва метан чиқиндилари ҳамон ошиб бормоқда", дея тушунтирди эксперт.
Г.Холдорова тайёрлади.