Туркманистонда газета ва журналларнинг қоғоз шакли чекланади
2021 йилнинг 1 январь санасидан бошлаб Туркманистонда нашр қилинадиган газета ва журналлар фақат электрон шаклда чиқади (пенсия ёшидаги аҳоли учун истисно қилинади). Бу ҳақда РИА Новости мухбири хабар берди.
Ашхобод почта алоқаси ходимлари 2021 йилга мўлжалланган туркман газета ва журналларига обунани янгиламоқчи бўлган аҳолига янги йилдан эътиборан маҳаллий ва даврий нашрлар фақатгина электрон шаклда бўлишини тушунтирмоқда.
Обунани почта бўлимларида янгилаш мумкин. Унинг олти ойлик нархи 60 манат (17 доллар атрофида) этиб белгиланган. Бир ёки бир нечта нашрларга обуна бўлиш мумкин эмас. Мамлакатда расмий нашр этиладиган газета ва журналларнинг барчасига обуна бўлиш лозим (жами 21 та марказий ва минтақавий газета ва 8 та журнал). Барча даврий нашрларни гаджетга ўрнатилган махсус дастур орқали ўқиш мумкин бўлади.
Қоғоз шаклидаги газета ва журналларга фақатгина пенсия ёшидаги фуқаролар обуна бўлишлари мумкин. Шу билан бирга нафақахўрларда бир ёки бир нечта нашрга обуна бўлиш имконияти сақлаб қолинади.
Туркманистондаги деярли барча газета ва журналлар давлатга тегишли.