Учқунлаган умид
Фарҳод билан Гулсеварнинг Умид дунёга келганида бахт қуши бошига қўнди, улардан бошқа ҳеч бир инсон бу бахтни ҳис қилмаётгандек эди гўё. Ота-онани оппоқ фариштадек беғубор болакайдан таралаётган жаннатий ифор тамомила ўзига мафтун қилганди. Болакайга истиқболли келажак умидида Умиджон деб исм қўйишди. Фарҳод ўзи иқтисодчи бўлгани учунми, ўғлининг банк ходими бўлишини орзу қиларди. Шу боис болакай жуда кичиклигидан компьютер ва телефонлар оғушида улғая бошлади. Ҳали мактабга бормай туриб, компьютерни шу қадар тушуниб олган Умиджон клавиатурани худди пианино чалаётгандек ҳаракатлантирар, кўзларини компьютер ўйинларидан узмасди. Ҳали 6 ёшга тўлмаган болакайда шундай иқтидор бор эдики, буни ота-онаси пайқамасди. Компьютер ўйинлари домига тушиб бораётган фарзандининг тонггача ухламай, ўйнаб чиққани Фарҳод билан Гулсеварни ҳатто суюнтирарди.
Умиджоннинг мактабдаги таълими ҳам шу тарзда ўтар экан, унинг ҳануз компьютер ўйинлари, бўлмағур хорижий қўшиқларни хиргойи қилиши ота-онанинг ғашини келтирадиган бўлди. Ўғли эса дарсдан қайтгач, яна телбаларча компьютерга ёпишарди. Фарзандидаги бу касаллик ота-онанинг тез-тез тортишиб қолишига сабаб бўлар, Умид бу жанжалларга парво ҳам қилмасди. Ота-онасининг жанжаллари унинг онгига борган сари салбий таъсир қилиб, ўйинлардаги қаҳрамонларни аёвсиз “отиб” ташлайверарди. Кўча-кўйга чиққанида ҳам қўлида энг сўнгги русумдаги телефон, қулоқчинни илдирганча, гоҳ писта чақиб, гоҳида турли хил сув идишлари-ю қоғозларни йўлнинг ҳар бурчагига ташлаб кетаверарди. Уни ташқи олам умуман қизиқтирмас, ўзининг виртуал оламида ёлғиз ва ёвуз бўлиб шаклланаётган эди.
Бугунги дарс Умидни анча толиқтирди. Дарслар тугагач, чап муюлишдаги дўконга кирди, одатдагидай битта энергетик ичимлик ва бир ҳовуч пистани олиб, уйи томон юрди. “Ўғлим, уйингни ҳам шундай тўзитасанми?”, деб куюнган мактаб фаррошининг сўзларига парво ҳам қилмади. Уйга келгач, наридан бери иштаҳасиз чой ичган Умид кроватига чўзилди-ю, бир зумда ухлаб қолди. Чунки кеча ҳам тонг отгунча жангари ўйинларини ўйнаб чиққанди...
Йўл четида қулоқчин таққанча, хорижий қўшиқни хиргойи қилиб кетар экан, ҳавонинг бадбўй ҳиди унинг ғашини келтирди. Бирдан атрофни чанг-тўзон, писта пўчоқлари, ичимликлардан бўшаган идишлар, ширинлик қоғозлари қоплади. Қўрқа-писа теваракка назар солди - ғариб ва хароб аҳволдаги йигит-қизларнинг чиқинди титиб юрганига кўзи тушди. Дов-дарахтларнинг бу янглиғ ифлосланган дунёда қовжираб бораётгани, уларнинг “Биз сен туфайли ҳалок бўляпмиз”, дея чинқираётгани қулоқларини узиб олгудек эшитилди. Оғриқли овознинг чинқириғи тобора ошиб, Умиднинг кўзлари тиниб, бадбўйлик дунёсига шўнғиб бораётганди. Йўқ…
Совуқ терга ботган Умид ўрнидан даст турди-ю бирдан кўзгуга назар ташлади, совуқ туши таъсирида ўзгарган аксидан қўрқиб кетди. Душга кириб, обдон ювинди, сочларини текислаб тарагандай бўлди.
Гулчирой АБДУЛЛАЕВА,
Пахтачи тумани.