Учта давлат оналари Самарқандда тақдирланди
Аввал хабар берганимиздек SOS – Kinderdorf International халқаро жамияти президенти Сиддхарта Каул, ташкилотнинг Марказий Осиё ва Шарқий Европа ҳудудий маркази раиси Зденко Сед бошчилигидаги меҳмонлар шу кунларда Самарқандда меҳмон бўлиб турибди.
Кеча вилоят ҳокими билан учрашган делегация аъзолари иштирокида бугун Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Арманистондаги SOS – Болалар маҳаллалари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда ушбу давлатларда фаолият кўрсатаётган SOS – Болалар маҳаллаларининг 10 нафар тарбиячи-оналарига ташкилотнинг фахрий нишони топширилди.
- Иккинчи жаҳон урушидан кейин ота-онаси вафот этиб, етим қолган болалар сони кўпайди, - дейди федерация президенти Сиддхарта Каул. - Улар учун оила муҳитини яратиш, ота-она томонидан бериладиган меҳр ва эътиборни қайтариб бериш мақсадида 1949 йилда федерация ташкил этилди. Бугунги кунда 134 та давлатда SOS - Болалар маҳаллалари фаолият юритиб, 4 миллиондан ортиқ бола қамраб олинган. Оналик – жуда машаққатли иш. Буни бир воқеа билан изоҳлайман, бир неча йил олдин мен ҳам бир ой она бўлиб, 10 нафар болани қармоғимга олдим. Тушликкача ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан жуда толиқдим. Шунда она бўлиш масъулияти ва машаққати қанчалик оғир эканлигини ҳис этдим. Сизнинг меҳнатингиз бебаҳо эканлигини жуда яхши биламан, аммо болалар бахти акс эттирилган бу узук сизга берилган эътибор намунасидир.
- Аслида болаларнинг бегонаси бўлмайди, - дейди Қозоғистоннинг Темиртау Болалар маҳалласи она тарбиячиси Ирина Благовещенская. – 15 йилдан бери болаларга оналик қиламан. Ҳозирда иккинчи авлодни тарбиялаяпман. Бугун фарзандларимнинг барчаси ҳаётда ўз ўринларини топишган. Бири архитектор, бири рассом, бири миллий академия талабаси. Уларнинг ютуқларини кўриб, фахрланаман. Она учун бундан-да ортиқ бахт бўлмаса керак.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон SOS - Болалар маҳаллалари уюшмасининг раҳбари Гулноза Абидова сертификат билан тақдирланди.