Учта туманда кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари билан ҳамкорликда пул маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан қонуний чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Н.М.” хусусий корхонаси раҳбари Н.М. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки филиалидан эшик, дераза ва мебель ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш мақсадида 640 миллион сўм кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни мақсадсиз ишлатиб, талон-торож қилганлиги аниқланган.
Департаментнинг Нуробод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, “Т.Ч.” МЧЖ раҳбари И.Қ. ҳудудий тижорат банки филиалидан МЧЖга ҳамда оила аъзоларига чорва молларини сотиб олиш мақсадида ажратилган 410 миллион сўм кредит маблағини мақсадсиз ишлатиш орқали талон-торож қилган.
Шу каби, Департаментнинг Тойлоқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ЯТТ Ш.Д., “O.A.” фермер хўжалиги раҳбари О.У. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, шу туманда яшовчи 10 нафар фуқаро номига картошка уруғи олиш учун жами 237 миллион сўм имтиёзли кредит расмийлаштиришга эришиб, ушбу кредит маблағларини ўз эҳтиёжига ишлатиб юборилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.