Улуғ алломага эҳтиром Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги вилоятимизда кенг нишонланди
Самарқанд давлат университети профессори И.Мирзаев, вилоят "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев, шоира Х.Бобомуродова Алишер Навоийнинг миллий адабиётимиз, халқимиз маънавияти, маърифати, тилшунослик равнақига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритдилар.
– Навоий ижодининг биз, ёшларга ибрат бўладиган жиҳати шундаки, у ўз даврида туркий тилнинг имкониятлари нақадар кенглигини ижоди, истеъдоди билан исботлаб берган, – дейди Самарқанд педагогика коллежи ўқувчиси Н.Зиёдуллаева. – Бундан ташқари, у девонлари, достонларида ёшларга панд-насиҳатлар қилади. "Хазойин ул-маоний" ва "Девони Фоний", "Назм ул-жавоҳир", "Маҳбуб ул-қулуб" каби асарларида инсонпарварлик ғояларини гўзал тимсолларда ифода қилган. Бу эса келажак авлодларнинг Ватанга содиқ, баркамол инсон сифатида вояга етишига хизмат қилмоқда.
Тадбирда талабалар ҳамда ижодкор ёшлар шоир ижодидан намуналар ўқишди. Шаҳарда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар, муассасалар вакиллари шоир ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари А.Умаров, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов иштирок этди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.
***
Самарқанд давлат университетида "Улуғ алломага эҳтиром" мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Профессорлар М.Муҳиддинов, У.Санақулов, Ж.Элтазаров ва бошқалар Навоий асарларидаги эзгу ғоялар умумбашарийлиги, бугунги авлод унга муносиб яшашга бурчли бўлиши лозимлиги, мутафаккирнинг педагогик ҳамда тарихнавислик маҳорати хусусида тадқиқот ишларини амалга ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар.
Маҳфуза АБДУМУРОДОВА.
***
Самарқанд шаҳридаги 32-умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида Навоий ғазаллари ва рубоийларини ифодали ўқиш, унинг асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиши бўйича кўрик-танлов ўтказилди.
Мадина БАГИРОВА.
***
Самарқанд педагогика коллежида ўтказилган тадбирда ўқитувчилар Навоий асарлари мазмун-моҳиятини унинг таваллуд санаси арафасидагина эмас, балки йил давомида ўрганиш кераклигини таъкидладилар.
Манзура ҚОДИРОВА.
***
Самарқанд шаҳар "Нуронийлар маскани"да "Нуроний" жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда бўлим раиси А.Муҳиддинов, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими масъул котиби Т.Тугалов масканга келган ўқувчиларга шоирнинг эзгу ишлари хусусида сўзлаб берди. Шаҳардаги 45-мактаб сардорларига нуронийлар ишонч билдириб, кўкрак нишони топширдилар.
М.ЖОВОДБЕКОВ.