Умра сафари қачон бошланиши ҳақида маълумот берилди

Кеча, 4 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Ҳаж-2019” мавсуми якунларига бағишланган брифинг ташкил этилди.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, бу йил қарийб етти минг нафар киши ҳаж сафарида бўлиб, ислом динининг бешинчи арконини адо этиб қайтдилар. Уларга ишчи гуруҳининг 200 дан зиёд аъзолари ҳамроҳлик қилиб, муқаддас ибодат рукнларини тўла-тўкис бажаришлари учун яқиндан кўмак бердилар.
Анжуманда ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган йилдагига нисбатан 5 миллион сўмга арзонлаштирилгани, Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратгоҳларга яқин, энг муҳими, юқори даражада сервис хизматлари кўрсатиладиган меҳмонхоналардан фойдаланилгани, пировардида Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича биринчи бешталик давлатлар қаторидан жой олгани эътироф этилди.
Брифингда жорий йил умра мавсуми 20 сентябрдан бошланиши, 1 октябрдан эътиборан эса кунига 2 та махсус авиарейс йўлга қўйилиши маълум қилинди.