Умумхалқ экологик хайрия ҳашари Орол ҳалокатининг янада аянчли оқибатларини камайтиришга хизмат қилади
Қурғоқчилик келиб, чанг-тўзон кўтарилса, эккан экинларимиз кўзланган ҳосилни бермаса, экология бузилиб кетди-да, деб қўямиз. Аммо кейинги йилларда авж олаётган табиат инжиқликлари, офатларга аслида ўзимиз сабабчи эканлигимизни ўйлаб кўрмаймиз.
Яқинда вилоятимизнинг кўпгина ҳудудларида чанг аралаш ёмғир ёққанини эсланг. Бу нимадан деб ўйлайсиз? Орол денгизининг суви қуриган майдонларида шамол натижасида юзага келадиган кучли қум, туз ва чанг бўронларининг таъсири эмасмикин? Бугун ушбу гард, туз чанглари нафақат юртимиз, балки ер юзининг барча минтақалари томон учаётганининг ҳеч кимга сирлиги қолмади.
Президентимизнинг ташаббуси билан Орол фожиаси зарарини камайтириш ҳамда минтақада экологик аҳволни яхшилаш устувор вазифа сифатида белгиланди. БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст жамғармаси ташкил этилди. Мазкур жамғармани бугун дунёнинг кўпгина мамлакатлари қўллаб-қувватлашга киришди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролни қутқариш, унинг қуриган ҳудудида 500 минг гектар ўрмонзор барпо этишга киришилди. Янги йил арафасида бошланган мазкур эзгу ишларга Қорақалпоғистон ва республикамизнинг бошқа вилоятлари қатори самарқандлик қишлоқ хўжалиги ходимлари, ўрмончилар, селекционер, механизатор, ҳарбий хизматчи ва фавқулодда вазиятлар идоралари ходимлари ҳам жалб этилди. Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани саҳроларида вилоятимизнинг юз нафарга яқин мутахассислари 50 дан зиёд техника билан саксовул экиш ишларини амалга оширмоқда.
26 январь куни Оролбўйидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш борасидаги ташаббуслар ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш бўйича жойлардаги жамоатчилик вакилларининг таклифларини ҳисобга олиб, минтақада экологик ҳолатни ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилади.
Бу ташаббус ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда шу асосида вилоят ҳокимининг фармойишлари эълон қилинди.
Хайрия ҳашари давомида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, кўчалар тартибга келтирилади. Умумхалқ экологик хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонлари ташкил этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишларига сарфланади.
Мазкур хайрли ишларга қўшилган озгина ҳисса кўплаб табиий офатларнинг олдини олиш, фарзандларимиз соғлиғи, порлоқ келажаги учун эканлигини ҳар биримиз унутмайлик.
А.ШЕРХОЛОВ.