"UN PUBLIC SERVICE FORUM - 2025" форуми Самарқанд шаҳрида ўтказилиши маълум қилинди

Аввалроқ Жанубий Кореяда "UN PUBLIC SERVICE FORUM- 2024" форуми ўтказилганди. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Форумда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти бошлиғи (UNDESA) – БМТ Бош котиби ўринбосари Ли Цзянхуа ушбу халқаро форум 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилишини эълон қилди.

Форумнинг ёпилиш маросимида ҳам сўзга чиққан вазир Шерзод Шерматов ўз нутқида Самарқандда ўтадиган тадбирни юқори савияда ташкил этилишини таъкидлаб, иштирокчиларни кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарга таклиф қилди.

Шу билан бирга, ушбу форумни Ўзбекистонда юқори даражада ўтказилишига билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирди.

Жанубий Кореяга амалий ташриф давомида вазир Шерзод Шерматов UNDESA раҳбари – БМТ Бош котиби ўринбосари Ли Цзянхуа билан учрашув ўтказди.

Мулоқот аввалида UNDESA раҳбари – БМТ Бош котиби ўринбосари мамлакатимизда электрон ҳукумат соҳасининг ривожланиш ҳолати ва бу борада БМТнинг электрон ҳукумат ривожланиши рейтингида Ўзбекистон ўрнини ошириш ва 2030 йилга қадар ТОП-30 давлатлар қаторига киритиш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.

Шу билан бирга, Ли Цзянхуа "UN PUBLIC SERVICE FORUM-2025" форумининг 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши билан самимий қутлаб, тадбирни ташкилий жиҳатдан юқори савияда ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.

 

Манба