Ун қурти – европаликлар “меню”сида

Пишириқ, макарон маҳсулотлари ва ҳатто ҳашаротлар оқсилидан тайёрланган гўшт маҳсулотлари тез орада европаликларнинг овқатланиш рационини бойитади. Европа Иттифоқи озиқ-овқат учун йирик ун қўнғиз личинкаларидан фойдаланишни маъқуллади.

Ҳозирга қадар уларни етказиб бериш учун фақат битта компания - француз Agronutris компанияси лицензияга эга бўлиб, у олдин фақат балиқ ва ҳайвонлар озуқаси учун ҳашаротлар етиштирган.

Аммо мутахассислар бундай овқатга талаб жуда тез ривожланиши, истеъмол қилиш мумкин бўлган ҳашаротлар бозори жадаллашишига амин бўлишмоқда.

"Энди ҳашаротлар етиштириш соҳасидаги муаммолардан бири – одамларнинг эҳтиёжларига кўпроқ мослаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш. Шундай қилиб, келгуси ойларда бозорда ҳашаротли ун маҳсулотлари кўришингиз, дўкон жавонларида энергетикли батонлар, қўнғизли печенье, оқсилли макарон ва ҳатто ҳашаротли бифштекслар харид қилишингиз мумкин бўлади", дейди Agronutris асосчиларидан бири Седрик Ориол.

Ун қурти оқсилнинг муқобил манбаи бўлиб, улар витаминлар, минераллар, омега ёғ кислоталарига бой, дейди олимлар. Бундан ташқари, ҳашаротлар етиштириш иқтисодий ва экологик жиҳатдан фойдали.

Европа Иттифоқида Agronutris каби компаниялар, шу жумладан, чигирткалар етиштириш бўйича 11 та мурожаат мавжуд.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.