Ургутда 500, Каттақўрғонда 200, Самарқанд шаҳрида яна 500 ўринли тақсимлаш маркази ташкил этилади
Республика махсус комиссиясининг июль-август ойларида жорий қилинган карантин чекловлари натижасида ҳозирги кунда вилоятимизда коронавирус билан касалланиш анча камайганлиги сезилди. Натижада, 3 та шифохонамиз коронавирус билан касалланган беморларни қабул қилишни тўхтатиб, ўз йўналиши бўйича касалларни қабул қилишни бошлади.
Самарқанд шаҳридаги олимпия захиралари спорт мажмуасида ташкил қилинган 1 080 ўринли тақсимлаш маркази бугунги кунда беморларга самарали хизмат кўрсатмоқда.
Ушбу тақсимлаш марказида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида яратилган шароитлар чет эллик ҳамда республикамиз мутахассислари томонидан юқори баҳоланди.
Бундан ташқари, шу вақтга қадар ижтимоий тармоқларда фуқароларимиз томонидан шифохоналардаги шароитлардан кўнгли тўлмаётган ҳолатлар кузатилаётган бўлса, ҳозирги кунда тақсимлаш марказидаги шароитлардан миннатдорлик руҳидаги фикрлар билдирилмоқда.
Яқин кунларда Ургут тумани 500, Каттақўрғон шаҳрида 200 ва Самарқанд шаҳрида 500 ўринли тақсимлаш марказини ташкил қилиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминлаб ишга тушириш режалаштирилган.
Натижада вилоятимиздаги барча шифохоналарга ўз йўналишлари бўйича фаолиятини давом эттириш имконияти яратилади.
Давронбек Жуманиёзов,
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.