Каттақўрғон шаҳри ва Ургут туманидаги COVID-марказлар ёпилди
Хабарингиз бор, Самарқандда коронавирусга чалинган беморларни барча шарт-шароитга эга бўлган муассасада даволаш, парваришлаш учун аввал Самарқанд шаҳрида Тақсимлаш маркази ташкил этилган эди.
Ўтган ойлар давомида беморлар сони ошиб боргани сари вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида худди шундай марказлар ҳудудлараро - Каттақўрғон шаҳри ҳамда Ургут туманларида ҳам ташкил этилди.
Ушбу шаҳар ва туманларда ташкил этилган 200 ҳамда 500 ўринли тақсимлаш ва даволаш марказларида ҳам минглаб беморлар ушбу вирусдан даволаниб, соғлиғини мустаҳкамлаб олди. Айни пайтда касаллик аниқланиши пасайган шу кунларда ушбу тақсимлаш марказига келувчи беморлар сони ҳам кескин камайди. Шу муносабат билан Каттақўрғон шаҳри ва Ургут туманидаги коронавирусни аниқлаш ва даволаш учун мўлжалланган марказлар ўз фаолиятини тўхтатди, дея хабар бермоқда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари.
Айни пайтда Самарқанд шаҳрида жойлашган тақсимлаш марказида ҳам беморлар сони кескин камайган. Маълумотларга кўра, у ерда 200 нафардан зиёд вирусга гумон қилинган беморлар даволанмоқда.