Ургутда жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилади

Ургут тумани қишлоқларидан туман маркази ёки бошқа шаҳарларга бориб-келиш учун йўловчиларга қулай шароитлар яратиш, умуман, туман аҳолисининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан “Автотранс Ургут” давлат унитар корхонаси ташкил этилди ва ушбу корхонага декабрь ойи бошида 60 дона “ISUZU” русумли автобуслар сотиб олинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ургут Самарқанд вилоятининг аҳолиси энг кўп бўлган тумани ҳисобланади. Бироқ шу кунга қадар туманда бирорта ҳам йўналишда автобус қатнови мавжуд эмас эди. Бу эса ўз навбатида, йўловчиларнинг манзилларига етиб олишларида қатор муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Тумандаги айни мана шу муаммони бартараф этиш мақсадида Транспорт вазирлиги томонидан ҳудудда жамоат транспорти қатновини ташкил этиш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Туман аҳолиси билан бир неча маротаба ташкил этилган сайёр қабуллар давомида билдирилган таклифлар ва мурожаатлар асосида янги йўналишларда автобус қатновларини йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Айнан ушбу режага мувофиқ “Автотранс Ургут” давлат унитар корхонаси ташкил этилди ва корхонага янги автобуслар сотиб олинди. Ушбу корхона ўз иш фаолиятини бошлаши билан туман аҳолисининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилади.

Жорий йилнинг 15 декабрь куни Транспорт вазирининг ўринбосари Д.Деҳқонов бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳ Ургут тумани аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди. Учрашув давомида янги ташкил этилган корхона ва туманда жамоат транспорти қатновини йўлга қўйиш борасида ташкил этиладиган йўналишлар бўйича тўлиқ маълумот берилди.

Янги сотиб олинган 60 дона автобуслар Ургут тумани аҳолиси учун хизмат кўрсатадиган 17 та йўналишларга 2020 йилнинг январ ойидан эътиборан босқичма-босқич жойлаштирилади. Янги ташкил этиладиган 5 та йўналиш Ургут тумани марказини бевосита Самарқанд шаҳри билан боғлайди.

Булар, “Ургут шаҳри-Сиёб АББ”, “Ургут АББ-Баҳрин-Сиёб АББ”, “Ургут АББ-Деҳқонобод-Сиёб АББ”, “Ургут АББ-Совғон-Тароқли-Сиёб АББ”, “Жартепа-Сиёб АББ”. Қолган 12 та йўналиш эса туман ички автобус йўналишларидир.

Туман аҳолиси билан бевосита мулоқот давомида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси раҳбари И.Хамроев янги корхона ташкил этилиши билан 200 та янги ишчи ўрни яратилиши ва биринчи галда корхонада фаолият юритиши учун маҳаллий аҳоли вакиллари ишга қабул қилинишини таъкидлаб ўтди. Корхона фаолият бошлаши билан автобус қатновларининг мунтазамлиги таъминланиб, қатъий белгиланган йўлкира нархи бўйича ҳаракатланиши доимий назоратда бўлади.

Ҳозирда янги сотиб олинган автобусларни расмийлаштириш ва сиқилган табиий газга ўтказиш бўйича қайта жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, Самарқанд вилоятида 2019 йил давомида 10 та янги автобус йўналишлари, шундан 1 та шаҳар, 8 та шаҳар атрофи ва 1 та шаҳарлараро автобус йўналишлари очилди. Ургут ва Нуробод туманларида биттадан янги автостанция қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди. Вилоятда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар томонидан 49 та “ISUZU” ва 24 та катта ҳажмли, шунингдек, “Автотранс Ургут” ДУК га 60 дона “ISUZU”, жами 133 та автобус сотиб олинди. Вилоят шаҳар ва туманларида Транспорт вазирлиги томонидан 30 та оралиқ бекатлар қурилди.