Ургутдаги катта муаммо — қизларнинг эрта турмушга берилиши

“Паст Дарғом, Ургут туманларида ҳам қатор масалалар мавжуд. Бу ҳудудларда аҳоли зич жойлашган, кам таъминланганлар ҳам нисбатан кўпроқ. Ургутдаги энг катта муаммо қизларнинг эрта турмушга берилиши. Аёл фақат бола катта қилади, рўзғор қилади, деган тушунчалар даври ўтди. Қизларга замонавий билим бериш, ўқитиш, керак бўлса, кучли тадбиркор ва сиёсатчи қилиб тайёрлашимиз керак”, дея куюниб гапирган Гавҳар Алимова ЎзА мухбири билан суҳбатда.
Бунинг учун ҳозирги кунда Ургутда бандлик масаласи кўрилмоқда. Трикотаж ишлаб чиқаришга мўлжалланган иншоотлар Пайариқда қурилди. Энг оғир туманлар — Қўшработ, Оқдарё, Иштихонда катта тикув цехлари ишга туширилди. Бу каби ишлаб чиқариш корхоналари янада кўпайса, муаммоларни ечиш ҳам осонлашади.
Бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳам кенг ҳамкорлик қилинмоқда. Мисол учун, Европа Иттифоқи, Франциянинг ACTED гуманитар ёрдам ташкилоти кўмагида чекка қишлоқлардаги қийналган хотин-қизларга қайтарилмайдиган кредит бериш йўлга қўйилди. Бу пуллар уларга қорамол, тикув машинаси, сартарошхона учун жиҳозлар, асалари уялари, иссиқхона ташкил қилишига бемалол етади.