Ургутлик электромонтёрнинг фирибгарлиги фош этилди
Мажбурий ижро бюроси Ургут туман бўлими ходимлари томонидан Ургут тумани Жартепа маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Н.нинг аризасига асосан текшириш ўтказилди, деб хабар бермоқда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.
Текшириш ҳаракатлари давомида Ургут электр таъминоти корхонасида электромонтёр вазифасида ишловчи Ш.П. фирибгарлик йўли билан 2015 йил ва 2018 йил куз ойларида фуқаро Ж.Н.ни алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилган.
Унга электр ҳисоблаш ускунасини ўрнатиш учун тегишли хужжатларни расмийлаштириб бериш ваколати бўлмаса-да, электр ҳисоблаш ускунасини электр таъминоти корхонасининг компьютер базасига киритиб беришини ваъда қилган.
Эвазига 400 минг сўм пулларни фуқаро Ж.Н.нинг яшаш хонадонида фирибгарлик йўли билан олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, Ш.П. ўзининг ҳамкасби Ургут электр таъминоти корхонасида электромонтёр вазифасида ишловчи А.Э. орқали 2019 йил май ойида Ургут тумани Тинчлик маҳалласида яшовчи фуқаро А.Б.дан электр энергиясидан фойдаланиш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 200 минг пулларни фирибгарлик йўли билан олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Ургут туман бўлими томонидан Ш.П.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратурасига юборилган.