Ургутлик фуқаронинг газ баллонларига ёпиштирилган штрих-кодли стикерларни юлиб ташлагани аниқланди
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан Ургут туманида аҳолига суюлтирилган газ маҳсулотларини етказиб бериш жараёнлари бўйича фуқаролар билан ўтказилган мулоқотларда туманнинг Ғишт масжид маҳалласида яшовчи фуқаро Собир Пардаев хонадонида суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар доимий равишда 65 минг сўмдан сотилаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди.
Мазкур мурожаат юзасидан филиал ходимлари С.Пардаевнинг хонадонида бўлганида, 25 дона суюлтирилган газ тўлдирилган ва 3 дона бўш маиший газ баллонлари борлиги аниқланди. Мазкур газ баллонларига онлайн тизимга улаш учун ўрнатилган махсус штрих-кодли стикерлар қасддан юлиб ташланганлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар давомида С.Пардаев “Urguttumangaz” газ таъминоти бўлимида ҳайдовчи-экспедитор (“ISUZU” русумли, давлат рақами 30 0 35 ХАА бўлган автотраспорт ҳайдовчиси) бўлиб ишлаб келган Воҳид Пардаевнинг укаси эканлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ўрганиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топшириладиган бўлди.
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали матбуот хизмати.