Ургутлик ҳайдовчи ва ЙПХ ходимлари ўртасидаги тортишув акс этган видеолавҳа ўрганилди (видео)

2020 йил 27 январь куни “Youtube” ижтимоий тармоғида “Самарқанд...Метан заправка Дерзкий ГАИ ходими” деб номланган давомийлиги 17 дақиқа 51 секунддан иборат бўлган видеолавҳа тарқалди.

Видеолавҳа Самарқанд вилояти ИИБ томонидан ўрганилди.

Маълум бўлишича, унда тасвирланган ҳолатлар 2020 йил 16 январь куни Самарқанд тумани ҳудудидан ўтган М-39 “Алмати-Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 1083 километрида жойлашган, автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаси олдида содир бўлганлиги, лавҳада икки нафар ЙҲХБ ходимлари билан бир неча фуқаролар ўртасида бўлиб ўтган суҳбат ва оғзаки тортишув жараёни, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тўлдирилганлиги ва ҳайдовчи томонидан барча ҳолатлар ўз уяли телефони ёрдамида видеотасвирга олинганлиги ҳолатлари акс этган.

Ҳолат ўрганилиши давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг  тегишли буйруғи талабларига асосан тўлдирилиб, тасдиқланган Қайдномага асосан хизмат олиб бораётган Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлинмалари йўл-патруль хизмати батальони йўл-патруль хизмати биринчи отряди иккинчи сафарбар гуруҳ йўл-патруль хизмати катта инспектори, М.Кургонов ҳамда С.Эльмурадовлар томонидан газ ёқилғиси қуйиш учун кўплаб ҳайдовчилар навбатда туриши оқибатида ҳосил бўлган тирбандликни бартараф этиш ҳамда автомобиль йўлининг қатнов қисмида турган транспорт воситалари томонидан ҳаракат хавфсизлигига халақит берилаётганлиги сабабли ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизматга жалб этилганлиги маълум бўлди.

Ушбу лавҳаларни ўз уяли телефони ёрдамида видеотасвирга олган ҳайдовчи Ургут тумани Жартепа МФЙда яшовчи, Т.Т.С. “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 91-банди талабларига амал қилмасдан, ўзига тегишли бўлган “Дамас” русумли автотранспорт воситаси билан йўлнинг тўхтаб туриш мумкин бўлмаган жойида тўхтаб турганлиги сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128х6-моддаси 1-қисми билан UZ-19 серияли 30-324960 рақамли маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳайдовчи Т.С.Т. унга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомага имзо чекишдан бош тортганлиги сабабли икки нафар холислар иштирокида ушбу тўғрисида далолатнома тузилиб, барча ҳужжатлар 1-ЙПХ отряди маъмурий амалиёт инспекторига топширилган. Шунингдек, шу куни ходим М.Кургонов томонидан ушбу ҳайдовчидан ташқари, шу ерда “Йўл ҳаракати қоидалари”ни бузган бошқа 3 нафар ҳайдовчиларга нисбатан ҳам маъмурий баённомалар расмийлаштирилганлиги маълум бўлди.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.