Ургутлик ҳайдовчига нисбатан ЙПХ ходимининг ҳаракатлари тўғрими? ИИБ ЙҲХБ ҳолатни текширмоқда

Кеча, 3 февраль куни “Sizdan Telegram” каналида “Бу ҳолатда ким ҳақ, ким ноҳақ? ЙПХ ходимининг ҳаракатларини тўғри деб баҳолайсизми ёки....” номли видеолавҳа тарқалди.

Ушбу видеолавҳа Самарқанд вилояти ИИБ томонидан ўрганилди.

Видеолавҳа ўрганилиши жараёнида ушбу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи талабларига асосан тўлдирилиб тасдиқланган Қайдномага асосан, хизмат олиб бораётган Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлинмалари йўл-патруль хизмати батальони йўл-патруль хизмати иккинчи отряди учинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори, сафдор Отабек Ачиловнинг Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек - Гагарин кўчалари чорраҳасида хизмат олиб бориши жараёнида Гагарин кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келиб, пиёдалар ўтиш йўлагида ўзига тегишли бўлган “Спарк” русумли автомашинасида келиб тўхтаган ҳайдовчи, 1987 йилда Ургут туманида туғилган, Ургут тумани Санчиқул қишлоғида яшовчи фуқаро Ж.А. билан у томонидан содир этилган қоидабузарлик юзасидан тортишган. Шундан сўнг ҳайдовчига тегишли бўлган ҳужжатларни олиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирганлиги жараёни акс этган.

Ҳайдовчи Ж.А. “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 91-банди талабларини бузганлиги сабабли унга нисбатан ЙПХ инспектори сафдор О.Ачилов томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Унга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 294-моддасида кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари таништирилганлиги, ҳайдовчи ўзи томонидан содир этилган қоидабузарликни тан олиб, “пиёдалар йўлагида йўл бермадим”, деб ёзиб берганлиги аниқланди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирги вақтда ушбу ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.