Усмон Азим: - Самарқанд, илдизинг қаерда?..

Бугун туғилган кун

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида таваллуд топган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган. Илк китоби — «Инсонни тушуниш». Шунингдек, «Ҳолат», «Оқибат», «Кўзгу», «Сурат парчалари», «Дарс», «Иккинчи апрель», «Бахшиёна», «Ғаройиб аждарҳо», «Уйғониш азоби», «Ғусса», «Узун тун», «Сайланма», «Куз» каби шеърий ва «Жоду» номли насрий тўпламлари нашр этилган. У «Бир қадам йўл», «Алпомишнинг кайтиши» драмалари ва бир қанча фильмлар сценарийси муаллифи ҳамдир. Поль Элюар, В.Вациетис, К.Доғларжа, А.Вознесенский, Ю.Марцинкявичюс ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофоти ҳамда «Дўстлик» ордени соҳиби бўлган.

САМАРҚАНД БЎЙЛАБ ТУНГИ САЙР

Хуршид Давронга

- Самарқанд, илдизинг қаерда?
Кечангни чироқлар парчалаб ташлаган,
тун билан нур ўртасида
узун арвоҳлар —
миноралар кетиб борар
келажак сари,
баъзан
ойга боқиб
тўхтаб қолишар
(азон саси урилдими қулоқларга?)
Зиналарингдан
чопонига ўралган
сўфи эмас,
мен ўрлаб бораяпман
фалак
пештоқига
ва ерга боқиб нотинч шивирлайман:
- Самарқанд, илдизинг қаерда?

Мадор бўлгин энди умидларимга,
менинг тўрт минг йиллик боғим!
Бир япроғингман:
йўқотгим келмайди илдизларимни.
Ана, осмоннинг қурбони - шаҳид расадхона,
ана, тарихнинг кўмилган бешиги, - Афросиёб...
Неча аср бўлди ўшанга?
- Тупроқ, қани,
ёрил!
Самарқанд, илдизинг қаерда?

Юлдузлар орасида келажак йўли,
Замон поездини
қалбим,
ҳормай торт!
Ва битта вагонга
боболар руҳини,
қайғу аламини,
шавкат-шонини,
ушалмаган орзусини орт!

Бу кимлар?
Қайдаман?
Регистон, сенми?
Нечун сенга келсам,
кўксимни тўлдирар жумлаи жаҳон?
Балки анов мовий гумбаз тагида ётган,
боболарим
армонининг
шамолидир бу?
Аммо овозлар чиқар замин қаъридан:
- Мен, - дейди (Спитамен, сенмисан?).
- Мен, - дейди (Улуғбек, сенми?),
- Биз, - дейди гувиллаб бир лашкар -
келажакка эргашиб келар
сарбадорлар!
- Самарқанд, илдизинг...
Савол ортиқча...
Теграмда мен билан ўйланиб,
мен билан қийналиб,
илдизга айланиб борар бир кеча.