Устаси фаранг қалбаки пул ясовчи: у буни бойлик орттириш учун эмас, балки санъатга бўлган муҳаббати туфайли қилган эди(ми?)

Сохта пул ясовчи Виктор Баранов қалбаки банкноталарни мустақил равишда ўз омборида ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. У фақат қўл остидаги асбоблардан фойдаланган ҳолда 33 454 рубль тайёрлади, шундан 28 мингдан ортиғини муомалага чиқарди.

Мутахассислар Барановнинг ёлғиз ишлаганига ишонишмади, улар унинг бир неча шериги борлиги ҳақидаги тахминни ишлаб чиқишди. Бироқ, тергов тадбирлари Виктор Ивановичнинг ёлғиз ўзи сохта пулларни тайёрлашини тасдиқлади. Қизиғи, Барановда қалбаки пулларини ясашда бойлик орттириш иштиёқи йўқ эди, у шу йўл билан ҳаммага ўзининг буюк истеъдоди борлигини исботламоқчи бўлди ва эътироф этилишини истарди.

Тан олинмаган даҳо

Виктор Баранов 1941 йилда Москва шаҳрида дунёга келди. 16 йилдан кейин унинг оиласи Ставрополь ўлкасига кўчиб ўтди. Баранов болалигидан қоғоз пулларга, айниқса эски банкноталарга қизиққан. Шу сабаб, у ўзининг подшолар тасвирлари туширилган кичик коллекциясини тўплади. Мактабда у ҳайратланарли даражада осонлик билан математик фикрлаш ва рассом истеъдодини бирлаштирган ҳолда яхши ўқирди. Бир неча марта машҳур рассомлар картиналарини қайта чизишни ўз зиммасига олди ва буни қойилмақом тарзда уддалади. Барановнинг эътирофига кўра, ўшанда ўзи ҳам бир кун келиб “санъат” билан шуғулланишини хаёлига ҳам келтирмаган экан.

Бироқ, у келажагини ижод билан боғламасликка қарор қилди. Шунинг учун етти йиллик мактабни тугатгач, Ростов-Дондаги қурилиш мактабига ўқишга кирди. Ўшанда у ихтироларга қизиқиб қолган эди ва бир неча бор Ставрополь заводлари ва фабрикаларига турли модернизация лойиҳаларини таклиф қилди. Аммо ёш инноваторнинг ғоялари ҳеч кимга керак эмас эди. Самарасиз илтимослари билан остоналардан ўтказилмаган Виктор “қинғир йўл”га ўтишга қарор қилди. Ихтиролар ва изланишлар учун пул керак эди, шунда у ўзининг рассомлик истеъдодини эслади. Баранов ҳалол йўл билан тан олинмагани учун, бошқача ҳаракат қилиш керак, деб ўйларди. Нафсонияти камситилган Викторнинг жиззакилиги тутиб кетди.

Косиблик усули

Барановни банкноталардаги ҳақиқийларидан фарқ қилмайдиган даражада нусха кўчира олиш масаласи хавотирга соларди. Керакли маълумот топиш осон бўлмаган ўша даврда ҳатто нодир китоблар сотиладиган дўконлари бу масалада ёрдам бера олмади. Виктор Москвадаги Ленин кутубхонасига қатнай бошлади ва фақат у ерда керакли адабиётларни топишга муваффақ бўлди. У цинкография ва полиграфия бўйича китобларни қунт билан ўрганиб, асосий фикрларни қоғозга кўчириб олди. Баъзи бир қоғоз нашрларини чўнтакка урди, бироқ кейинчалик у бу ҳақда афсусланиб “Мен муттаҳам одамлар сирасига кирмайман, уларни қайтармоқни ният қилиб қўйгандим”, деди.

Виктор Иванович устахонани ўз уйи ҳудудидаги омборхонада жиҳозлади. Дастлаб, у 50 рубллик купюраларни чиқарди. Қизиғи, сохтасининг сифати асл нусхасидан ҳам яхшироқ бўлиб чиқди. 3500 рублни “нашр қилган” Баранов энди энг қийин “тиш ўтмайдиган ёнғоқ” – ҳамма томондан ҳимояланган 25 рубллик банкнотани чиқариш вақти келди, деб қарор қилди.

Барановнинг омборхонада нима билан шуғулланаётганини ҳеч ким билмасди.  Намунали оила бошлиғи, Ставрополь области гаражида ҳайдовчи бўлиб, бир мунча вақт ҳатто ўша пайтдаги вилоят қўмитаси котиби Михаил Горбачёвни олиб юрарди. Унинг уйида бўлган меҳмонлар ҳеч нарсадан шубҳаланмас, омборхонага кирганида улар сурат чоп этиш ускунаси ва металлга ишлов берувчи дастгоҳни кўриши мумкин эди. Пул чоп этадиган “нарса” ҳар доим қисмларга ажратилган ҳолатда сақланган.

Виктор Иванович дастлаб бошқалардан ажралиб турмасликка ҳаракат қилди. Сохта банкноталар фақат зарурат туғилганда сарфланарди. Ҳаммаси 1976 йилнинг августида у ишдан кетганида бошланди. Асосий хатоси, ишсиз Баранов рафиқасига қимматбаҳо “шақилдоқлар” олиб берар, қариндошларига қимматли совғалар қилар, ўзига эса янги “Нива” машинасини сотиб олди...

“Мен қалбаки пул ясовчиман!”

Милиция қимматбаҳо машина эгаси ва қиммат харидлар қиладиган ишсиз Баранов билан қизиқа бошлади. 1977 йилнинг 12 апрелида у Черкесск шаҳридаги колхоз бозорида қалбаки пулларни алмаштирмоқчи бўлган пайтда  ҳисбга олинди. Виктор Иванович қаршилик кўрсатмади, аксинча у дарҳол “Мен қалбаки пул ясовчиман!”, деди. Баранов тергов билан фаол ҳамкорлик қилди, банкноталарни қандай қилиб сохталаштирганини аниқ айтиб бериб, кўрсатди. Мутахассислар Баранов ёлғиз ўзи ишлаганини тасдиқлашди.

Виктор Иванович ўзининг асосий вазифасини бажарди – унинг истеъдоди эътироф этилди ва кейинчалик ихтироларидан бири Давлат белгисига жойлаштирилди.

Тергов билан ҳамкорлиги туфайли Баранов енгил жазога ҳукм этилиб – 12 йилга қамалди. Қамоқда бўла туриб,  СССР ички ишлар вазирига хат ёзди, унда у банкноталарни ҳимоя қилишни яхшилаш усулларини батафсил баён қилди.

1990 йилда озодликка чиққан Баранов  парфюмерия ишлаб чиқаришни бошлаган компанияга асос солди.

2016 йилда қалбаки пуллар ясовчисининг тарихига асосланган “Пуллар” сериалининг премьераси бўлиб ўтди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.