“Устоз” сиҳатгоҳида ўқитувчиларга ўқув курслари ташкил этилди
Жорий йил вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси ўзаро ҳамкорликда педагоглар учун “Ҳаёт давомида ўқиш” тамойили остида янги ташаббусга қўл урди.
Келишувга кўра, мактаб ўқитувчилари Оқдарё туманидаги “Устоз” сиҳатгоҳида 10 кунлик дам олиши белгиланди ва дам олиш мобайнида уларга ўқув дарслари ташкил этилди. Ҳар 10 кунлик йўлланмалар бир хил фан ўқитувчиларига берилди. Масалан, бир сафар математика ўқитувчилари келса, иккинчи сафар физика фани ўқитувчилари сиҳатгоҳда дам олишди. Ҳар бир фан ўқитувчиларига соҳа мутахассислари томонидан алоҳида ўқув курслари ташкил этилди. Унда фаол иштирок этган устозлар сертификатлар билан тақдирланмоқда.
Айни кунларда сиҳатгоҳда она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари дам олмоқда. Эрталаб улар учун дастлаб бадантарбия машқлари бошланди. Сўнгра ўқув курси дарслари ташкил этилди. Малака ошириш ҳудудий маркази доценти С.Юлдошева, вилоят халқ таълими бошқармаси филология фанлари методисти Д.Aбдураҳмонова, Оқдарё туман 52-ИДУМ ўқитувчиси Ж.Тиркашев белгиланган дастур асосида дарсларни бошлаб берди. Ўқитувчилар “Таълим тизимидаги ислоҳотлар”, “Миллий ўқув дастурининг мазмун-моҳияти”, “Ўқувчилар ютуқларини баҳолашнинг муҳим тамойиллари”, “Лойиҳалаштириш ва моделлаштириш таълим технологиялари” каби мавзулардаги амалий дарсларда фаол бўлишди.
Бундай лойиҳа вилоятда илк бор амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу ташаббусни келгусида республика бўйича оммалаштириш ҳам режалаштириляпти.
Асила Ибрагимова,
Самарқанд вилояти халқ таълими
ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази матбуот котиби.