Устоз ёди

Яхши инсонлар ҳаётлиги чоғидаёқ кечирган ибратли турмуш тарзи, амалга оширган эзгу ишлари билан мангуликка дахлдордир. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор, профессор Нуриддин Камолов ана шундай инсонлардан эди. 

Н.Камолов 1930 йилда Фарғона вилоятининг Марғилон (ҳозирги Ёзёвон) туманида таваллуд топди. Меҳнат фаолиятини хўжаликда табелчи ва почтачи сифатида бошлади. Қўқон тиббиёт техникумини битириб, 1950 йилда Самарқанд тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирди. Олийгоҳни муваффақиятли битиргач, 1956-1957 йилларда Марғилон ипак комбинатида цех-терапевти бўлиб ишлади. Кейинчалик яна Самарқандга қайтиб, ўзи таҳсил олган олийгоҳнинг факультатив терапия кафедрасида аспирантурани ўтади. Сўнгра шу кафедра ассистенти, доценти, кафедра профессори ва мудири, кейинчалик декан, проректор каби вазифаларда фаолият кўрсатди. 

Нуриддин Камолов 1987 йилда Самарқанд тиббиёт институти жамоасининг умумий йиғилишида ректорликка сайланди ва 1995 йилгача ушбу лавозимда самарали хизмат қилди.

Домладаги ўткир хотира ва чуқур таҳлил қилиш қобилиятлари шогирдлар учун доимо жонли ўрнак эди. Учрашувларда, давра суҳбатларида аспирантликдан институт ректорлигигача бўлган фаолияти хусусидаги саволларга устоз шундай жавоб берарди: «Ҳаётимда эришган муваффақиятларимнинг гарови устозларимдан ўрганган тажриба ва кўникмаларга таянган ҳолда ўз билимимни амалиётга жорий этишдан иборат бўлди».

Бундай фазилатлар домла ректор бўлган йилларда яққол кўзга ташланди. Жумладан, иккинчи клиниканинг тўртинчи навбати ишга туширилди. Мазкур клиника қошида маърузалар зали корпуси қурилди. Ўқув-услубий ишлар, кафедралар ва курслар таркиби қайтадан кўриб чиқилди. Дарслар ва иш юритиш ўзбек тилига (давлат тили) ўтказилди. Кириш имтихонлари тест усулида ташкил этилди. Бундан ташқари, институт ўзининг 60 йиллик юбилейини ўтказди ва шу муносабат билан профессор-ўқитувчи, ишчи-ходимлардан бир гуруҳи турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Профессор Нуриддин Камолов институтнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, малакали мутахассислар тайёрлаш билан бирга илмий ишларини сабот билан давом эттирди. Талабаларни ўқитиш ва тарбиялашда илғор услублардан кенг фойдаланди. Устоз 220 та илмий ишлар муаллифи эди. Шундан 6 таси монография, 4 таси дарслик ва кўплаб рисола, ўқув-услубий тавсиялар яратди. Республикада илк бор ўзбек тилида «Ичак касалликлари» дарслиги, катта курс талабалари учун гематологиядан маърузалар матни, ўрта тиббиёт ўқув юртлари ўқувчилари учун «Тиббиёт одобномаси», «Ревматизм» каби қатор дарслик ва монографиялар шулар жумласидандир. Н.Камолов раҳбарлигида 6 киши номзодлик диссертациясини ёқлади. 

Нуриддин Камолов ўзининг устозлиги ҳақида шундай дерди: “Мен устозлик фаолиятимни икки йўналишга ажратаман. Биринчиси, профессор-ўқитувчи педагог сифатида институтда шаклланган врачлар тайёрлаш тизимида терапия соҳаси бўйича маърузалар ўқиб ва амалий машғулотлар ўтказиб шогирд тайёрлаш. Мен уларни билвосита шогирдлар деб атайман. Иккинчиси, мен тайёрлаган бевосита шогирдлар. Улар менинг раҳбарлигимда диссертация ёқлаганлар, ҳаётда ўз йўлини топиш учун мен маслаҳат берган аспирант, магистр, докторант, ўқитувчилар ҳамда ректоратда, ҳозирги тил билан айтганда, ўз ёнимга олиб, тарбиялаган кадрлардир». 

Устоз кўриб, ўзи устоз бўлган профессор Нуриддин Камолов ҳаёт бўлганида бугун 90 ёшни қаршиларди. Унинг номи ҳамиша ёдимизда.

Яхшинор АЛЛАЁРОВ,

Турсунпўлат ШОМУРОДОВ.