Уй-жой учун субсидия олиш тўғрисидаги ариза вилоят ҳокимлиги эмас, ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилади
Уй-жойга муҳтожлигим учун субсидияга берувдим, шароитимни тушунган ҳолда вилоят ҳокимлиги ёрдам берадими?
Aзиза Раҳматова томонидан ижтимоий тармоқ орқали вилоят ҳокимига йўлланган ушбу мурожаатга ҳокимлик мутахассислари томонидан қуйидагича жавоб берилган:
Уй-жой сотиб олмоқчи бўлган фуқароларга субсидия ажратиш, бу ҳақдаги аризани кўриб чиқиш вилоят ҳокимлиги ваколатига кирмайди.
Мазкур тамойил Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида ҳам белгилаб қўйилган.
Қарорда қайд этилганидек, субсидия - бу ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкдан унинг номига очилган тегишли ҳисобварағига ўтказилган маблағ.
Бундай маблағни олиш истагида бўлган фуқаролар юқорида кўрсатиб ўтилган Низом талаблари билан яқиндан танишган ҳолда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон ариза тақдим этишлари мумкин.
Шунингдек, Низомга асосан аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ташкилотларнинг маълумотларига асосан аризачининг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги автоматик тарзда баллар кўринишида баҳоланади.
Ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда субсидия олишга ҳақли ҳисобланади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозим, охирги энг юқори балл тўплаган икки ёки ундан ортиқ ариза берувчининг баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, календарь тартибга кўра, ҳужжатларни биринчи бўлиб топширган ариза берувчи талабгор сифатида тан олинади.
Субсидия бир оилага 1 марта берилади.
Субсидия олишга ҳақли ҳисобланган аризачи жорий йил субсидия сони тугаган тақдирда, кейинги йил учун субсидия олувчилар рўйхатига автоматик тарзда киритилади.
Маълумот ўрнида қайд этиш зарур: Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан вилоятда янги тартиб асосида 1 700 та уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Шундан 1 528 та, шаҳарларда 628 та ва қишлоқ жойларда 900 та кўп қаватли уйлар учун фуқароларга субсидиялар ажратилган.