Уятга қолмайсизми?

Ҳуқуқий демокрактик жамиятда муайян ишлар аниқ қонуний асос билан тартибга солинади. Бугун Ўзбекистонда ҳам шундай жараён кетмоқда. Айниқса, кейинги пайтда одамларнинг ўз ҳуқуқини яхши англаб, уни талаб қилишни ўрганаётгани қувончли ҳол албатта. Ўз навбатида қонунларни ҳурмат қилиш, зиммамиздаги бурчни бажариш ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.

Шу маънода Вазирлар Маҳкамаси томонидан эълон қилинган ободонлаштириш ойлиги ва икки кунлик умумхалқ ҳашари ҳам ҳар биримизни бу борада зиммамиздаги масъулият ва бурч, вазифани бажаришга ундаши зарур.

Умуман, ушбу масаланинг бошқа бир нозик томони борки, уни эътибордан қолдириб бўлмайди. Негаки, ҳар бир миллатнинг ўзига хос анъаналари ва ахлоқий, миллий қадриятлари бор. Айни шу жиҳатлари билан ҳам гоҳида бир миллат бошқасидан кескин фарқ қилади. Хусусан, халқимизда жамоатни ҳурмат қилиш, кўпчилик бош қўшган ишдан четда турмаслик фазилати ҳисобланади.

- Ҳашар қадриятларимиз ичида энг қадимийси, йигит кишини жамиятга мослашиши, одамлар билан муомалани ўрганиши, энг муҳими, эл корига камарбаста бўлиб етишишида муҳим омил эканлиги билан ҳам аҳамиятли, - дейди пайариқлик Сапарбой Бойхўрозов. - Кейинги 15-20 йилни ҳисобламаганда қишлоғимиздаги бирорта уй устага пул бериб, мардикор ишлатиб барпо қилинмаган. Уй қуришни бошлаган одамга кимдир бир кун, бошқа биров уч кун, қўйингчи уй битгунча қишлоқдаги қимирлаган жон борки, ёрдам берарди. Қўлидан иш келмайдиган, ҳали билаги кучга тўлмаган ёш-яланглар ҳам бир четда қараб турмаган, сув ташиб, сомон келтириб ёки эски михни тўғрилаб, ҳашарчиларга қарашарди.

Ҳашар – кўпчилик бўлиб бирор ишни бажариши кишилар орасида оқибатни мустаҳкамлайди. Бундай қадрият дунёнинг ҳеч бир жойида йўқ.

Ҳа, кўпгина анъна ва қадриятларимиз ҳеч бир халқ ёки миллат турмуш тарзида такрорланмайди. Асрлар давомида шаклланган бу миллий одатларимиз айниқса, ислом дини аҳкомлари билан мустаҳамлангани аҳамиятли. Бундан ташқари, ҳашарда иштирок этиш учун ҳар қандай одам ўзидаги ялқовликни енгади, бошқалар олдида уялиб қолмаслик учун ҳам бу ишга бош қўшади.

...Бола эдик. Қишлоқ имоми кўчадан ўтаётганда “уйдагиларингга айт, эртага ҳамма мозорбошига чиқади”, деди. Ўйинқароқ эмасмизми, имомнинг хабарини дадамга етказиш ёдимдан чиқди.

Сендай бола ўстирган мен ахмоқ”. Тонг саҳардан бундай гап эшитишим сабабини тушуниб-тушунмасимдан, бир қўлда ўроқ, иккинчисидан белкурак билан дадам кўчага отилди. Рост, нима бўлганига тушунолмай ҳайрон эдим.

“Сал бўлмаса уятга қолдириб ўлдирасанэ” – энди онамнинг койиши ортиқча эди.

Ўшанда ҳеч ким изоҳ бермаган бўлсада, бугун ўша тонгни кўп эслайман, қилган кичик бир хатоим оиламизга қанчалик “қимматга тушишини” яхши тушунаман: ҳашарга – қабристон тозалашга чиқмаса, дадам, умуман, бутун оиламиз уятли бўлиб қоларди.

Сиз-чи, эртага ҳашарга чиқмасангиз кимдандир уяласизми, ҳеч ким гапирмаган тақдирда ҳам умумжамият ишига ҳисса қўшмаганингиз учун виждонингиз сал бўлсада қийналадими?

Ёки ишхонангиздан ҳашарга чақиришса меҳнат қилишга мажбурлашди, деб бирор сайтга интервью берасизми?

Ё.Гадоев.