Уйғурларни кузатувчи Hikvision АҚШ санкциясига тушиши мумкин

АҚШ Хитойнинг кузатув қурилмаларини ишлаб чиқарувчи Hikvision компаниясига қарши санкция жорий этиши мумкин. Хитой ушбу компания маҳсулотларидан Шарқий Туркистонда уйғурларни кузатиш, таъқиб қилишда фойдаланади, деб ёзмоқда minbar.uz.

Доналд Трамп Хитой билан савдо урушида довни ошириб келмоқда:

  • АҚШ президенти 16 май куни АҚШ компютер тармоқларини “хорижий душманлар"дан ҳимоя қилиш учун фавқулодда вазият эълон қилди. Қарор АҚШ манфаатларига таҳдид сифатида кўрилган хорижий телеком компаниялари маҳсулотларини АҚШга импорт қилишни тақиқлайди. Буйруқда аниқ бир компания номи айтилмаган бўлса ҳам, таҳлилчилар Хитойнинг Huawei ва ZTE компаниялари назарда тутилган деб ишонишади.
  • Трамп қарорни имзолаши билан АҚШ савдо вазирлиги Huawei ва унинг 70 шўъбасини қора рўйхатга киритди. Энди Huawei АҚШ етказиб берувчиларидан нимадир харид қилиши учун махсус рухсатнома олиши керак, АҚШ бозорида Huawei маҳсулотлари эса исталган пайтда тақиқланиши мумкин.
  • Қора рўйхатга Hikvision компаниясини ҳам қўшиш масаласини кўриб чиқмоқда. Ушбу рўйхатга тушган компаниялар билан олди-сотди қилувчи АҚШ компаниялари ҳукуматдан алоҳида рухсат олишига тўғри келади. Hikvision аудио ва визуал кузатув қурилмаларини ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компаниялардан биридир. Компанияга қарши эҳтимолий санкция ҳақидаги маълумот чиқиши билан унинг акциялари баҳоси туша бошлаган.
  • Хитой Трампни давлат хавфсизлигини баҳона қилиб, Хитойнинг АҚШдаги савдо манфаатлари илдизига болта ураётганликда айблаб, бу қарорга қарши жавоб чораларини кўришини маълум қилди.

Hikvision уйғурлар масаласида на бирор ҳукумат ва на ноҳукумат инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқидга учраганини айтади.

“Hikvision маҳсулот етказиб беради. Биз Шинжонда бирор номақбул иш қилмаганмиз. Компания инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига аралашмаган, аралашмаяпти, аралашмайди ҳам”, – деган компания сўзчиси.

Компания, шунингдек, Шарқий Туркистондаги фаолиятини ўрганиш учун АҚШлик мутахассисларни жалб қилганини, хорижий акционерларга яқин кунларда ҳисобот берилишини маълум қилган.

  • Хитой ҳукумати Шарқий Туркистонда уйғурларга қарши сиёсат олиб бораётгани, уларни таъқиб қилаётгани, кузатаётгани, миллионлаб уйғурлар мажбурий ахлоқ тузатиш лагерларида сақланаётгани ҳақида халқаро ташкилотлар танқидига нишон бўлиб келади.

Хитойнинг кузатув камералари қиёфасига қараб фақатгина уйғурларни танлаб олади ва уларнинг кирди-чиқдисини полициянинг маълумотлар базасида сақлаб туради. Айни шу ишларда Hikvision маҳсулотларидан фойдаланилаётгани санкциялар учун асосий сабаб қилиб кўрсатилмоқда.