Уйи бўла туриб, ўзи ижарада яшаётганлар бор. Уй-жой низолари қандай ечиляпти?

Таҳририятимизга мурожаат қилганлар орасида уй-жой низоси сабабли судма-суд юрганлар, уйи бўла туриб, ўзи ижарада яшаётганлар бор. Уларнинг муаммосини ўрганар экансиз, ўз ҳуқуқини билмаслик ёки жойида қўлламаслик қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англагандек бўласиз. Хўш, бундай мураккаб вазиятга тушиб қолмаслик ёки ундан чиқиш учун нима қилиш керак? “Сиёб” адвокатлар ҳайъати бошқарувчиси, адвокат Замира Ғайбуллаева билан суҳбатимиз шу ҳақда.

– Замира опа, кузатувларимиз уй-жой билан боғлиқ можароларнинг аксарияти эр-хотиннинг ажрашиши оқибатида юзага келётганини кўрсатмоқда. Айтинг-чи, бу оворагарчиликнинг олдини олиш, жумладан, эр ва хотин ўртасидаги мулкий муносабатни олдиндан белгилаш мумкинми?

– Бу жуда ўринли савол. Бу муаммонинг асосий сабаби юртимизда ҳали ҳам эр-хотиннинг мулкий муносабатлари шартномавий шаклда белгиланмаётганида. Яъни, оилалар никоҳ шартномасини тузмай яшаб келмоқда. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида ҳам ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солиш учун алоҳида боб ажратилган. Унда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулки, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулк, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланиши қайд этилган. Бизда оила қуришдан олдин масаланинг бу жиҳатини ўйлаб кўришмаяпти. Оқибатда иш ажрашишга келганда, мулкни бўлиш билан боғлиқ можаролар келиб чиқади. Шаръий никоҳ асосида яшовчи фуқароларда бу янада мураккаб кўриниш касб этади.

Қонунчилигимизга мувофиқ, эр-хотин ўртасидаги никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар ҳам, никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. У ёзма шаклда тузилади ва албатта, нотариал тасдиқланиши шарт. Ушбу шартнома тарафларнинг мулкни ўзаро келишув асосида бўлиб олишининг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

– Суҳбатимизни фуқаролар мурожаатлари асосида давом эттирсак. Фуқаро эри билан қонуний ажрашган бўлса-да, бир хонадонда яшаб келганлиги, аммо бир муддат қариндошиникига кетганида собиқ эри маҳалладан “у бу ерда яшамайди”, деган “справка”ни олиб, уни уйдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилгани ва уйни сотиб юборганини баён этан. Бундай ҳолатда бошпанасиз қолган фуқаро қандай йўл тутиши керак?

– Собиқ эр ва хотин бирга яшаб келаётган хонадон уларнинг никоҳи давомида олинган бўлса, у уларнинг умумий мулки ҳисобланади ва эр собиқ хотинининг розилигисиз уни сотиши мумкин эмас.

Агар эр-хотин ажрашган ҳолатда ҳам мулкни бўлмай, бирга яшаб келаётган бўлса, улардан бирининг умумий мол-мулкни тасарруф этиш юзасидан амалга оширган битими бошқасининг бунга розилиги бўлмаганлиги сабабли билдирган талабига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.

Бунда жабрланувчи томон судга тураржойни умумий мулк, шунингдек, эри томонидан имзоланган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан мурожаат қилиши керак. Шу билан бирга, у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нотўғри маълумотнома берган маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Агар уй эр томонидан никоҳгача бўлган даврда олинган бўлса, хотини шу уйда рўйхатга олинган шахс сифатида ундан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Аёлнинг номида бошқа уй-жой бўлса ёки у рўйхатдан ўтган хонадонида олти ойдан ортиқ вақт яшамаса, унинг уйдан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш масаласи суд тартибида кўриб чиқилиши керак.

– Яна бир мурожаатчининг таъкидлашича, у узоқ вақт хорижда яшаган. Қайтиб келса, яқин қариндоши унинг уйини сотиб юборган экан. Бу қонунга зид эмасми? У уйини қайтариб олиши мумкинми?

– Ушбу ҳолат қонунга зид ҳисобланади. Сабаби, бу ўринда фуқаронинг мулкка бўлган ҳуқуқи бузилган. Қонунчилигимизга кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига тегишли мол-мулкка ўз хоҳиш иродаси билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этишини назарда тутади. Бунда фуқаро судга ўзининг мулк ҳуқуқини тиклашни сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Фуқаро қанча вақт хорижда бўлишидан қатъи назар, унинг мулкка бўлган ҳуқуқи Конституция ва бошқа қонунларимиз билан қўриқланади. Агар уй-жой қалбаки ҳужжатлар асосида сотилган бўлса, жараёнга алоқадор барча шахслар қонун олдида жавоб бериши шарт.

– Эр хотини билан ажрашиш олдидан номидаги барча мол-мулк, шу жумладан, уй-жойни ҳам опа-укалари номига ўтказиб берган. Бу вазиятда аёл қандай йўл билан ўз ҳуқуқларини тиклайди?

– Агар эр барча мол-мулкни ўз қариндошлари номига расмийлаштириш жараёнида хотинининг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини олган бўлса, мурожаатчининг бу мол-мулкка нисбатан хеч қандай ҳуқуқи қолмаган ҳисобланади.

Модомики, ушбу ҳаракат олдиндан режалаштирилган ғараз мақсадда ёки фуқарони алдаш, зўрлик ишлатиш, қўрқитиш йўли билан амалга оширилган бўлса ва хотини буни исботлай олса, унинг эри томонидан тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.

– Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро маҳалласидаги якка-ёлғиз қарияга ғамхўрлик қилганини, унинг вафотидан сўнг эса уйини қонун талаблари асосида ўз номига расмийлаштириб олгани, аммо уни таъмирлаб, сотганидан кейин марҳумнинг хорижда яшайдиган узоқ қариндоши пайдо бўлиб, мерос ишини очганини айтмоқда. Бу иш қандай якун топади?

– Қонунчилигимизга кўра, фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, унга кирмайдиган бир ёки бир нечта фуқарога ёки давлатга васият қилиб қолдириши мумкин.

Фуқарога уй-жой у ғамхўрлик қилган қария томонидан васият қилиб қолдирилган бўлса, қариянинг бошқа қариндошларида бу уй-жойга нисбатан ҳуқуқ қолмайди. Аммо ўртада васиятнома бўлмаган тақдирда, меросхўрнинг даъвоси қондирилиши мумкин. Шунда ғамхўрликни амалга оширган фуқаро уйни олган харидорга пулни кайтариб бериши, ўзи эса уй-жойни таъмирлаш, қарияни парвариш қилиш ва унинг дафн маросимлари учун сарфлаган харажатларини суд орқали янги меросхўрдан ундириши мумкин бўлади.

– Уй харид қилишда бу каби низоли ҳолатларга тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

– Аввало, уй-жойни харид килишда сотувчининг уй-жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати мавжудлиги, уй-жойда доимий рўйхатда турган фуқароларнинг белгиланган муддатда рўйхатдан чиқиш мажбуриятини олганлиги, уй-жой эр-хотиннинг биргаликдаги яшаш даврида орттирилган бўлса, албатта, эр ёки хотиннинг уй-жойни сотишга бўлган нотариал розилиги борлигига эътибор қаратиш керак. Шунингдек, сотиб олинаётган уй-жойнинг низоли ёки низосиз эканлигини нотариал идоралардан сўров асосида аниқлаш мумкин.

Айтиш жоизки, уй-жой олди-бердисида фуқаролар ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун асосида иш юритиши, ҳар бир ҳаракатни ҳужжатлаштириш орқали амалга ошириши мақсадга мувофиқдир. Агар бу борада етарли ҳуқуқий билимга эга бўлишмаса, адвокатларга мурожаат қилиб, маслаҳат олишлари зарур. Бундан ташқари, телеграмм мессенжерида ҳар бир туман ва шаҳар адлия бўлимининг ҳуқуқий маслаҳат гуруҳлари бўлиб, унда фуқаролар ўзини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиши мумкин.

 Асқар Баротов суҳбатлашди.