Уйида ўқ-дори ясаган 67 ёшли фуқаро аниқланди
Тошкент вилоятида уйида ўқ-дори ясаган ва сақлаб келган шахс аниқланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилмоқда.
7 июнь куни тезкор қидирув тадбири ўтказилган. Унда Қибрай тумани Тановар кўчасида яшовчи 67 ёшли Қ.Т. хонадонида яширин равишда 19 дона 12х76 калибрли ичи тўлдирилган бутун патрон, 9 дона 12х76 калибрли гильза, икки хил турдаги тахминан оғирлиги 100 гр ёнувчи кукунлар (порох) ва ҳар хил турдаги тахминан вазни 1,5 килограммни ташкил қилувчи дробь сақлаб келаётгани аниқланган. Шунингдек, ўқ-дори ясаш учун мўлжалланган 8 турдаги деталь ва моддалар мусодара қилинган.
Суд баллистик экспертиза хулосаси кўра, фуқаро Қ.Т.нинг уйидан олинган патронлар отиш учун яроқли, гильзалар эса отиш учун яроқсиз.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш ва сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.