Вакцинация дунёни коронавирусдан халос этадими?
Буюк Британия ҳукуматининг бош илмий маслаҳатчиси Патрик Валланс мамлакатда 2021 йилнинг баҳорига қадар вакцина пайдо бўлиши даргумонлигини ва у пайдо бўлган тақдирда ҳам COVID-19 бутунлай йўқ бўлиб кетиши эҳтимоли жудаям кам эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда 20 октябрь куни Sky News телеканали хабар берди.
Телеканал тақдим этган маълумотга кўра, Британия парламентида сўзга чиққан Валланс коронавирус билан кураш келгусида мавсумий гриппга қарши курашга ўхшаш ҳолатга келишини таъкидлаган.
“Фикримча, бизда инфекцияни тўлиқ тўхтата оладиган, чинакам стерилизация қилувчи вакцина пайдо бўлиши эҳтимолдан йироқ”, деди Валланс.
Унинг фикрига кўра, “ҳар қандай кенг тарқалган оммавий фойдаланиш” учун вакцина камида 2021 йилнинг баҳорига қадар пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ.
“Шубҳасиз, вакцина пайдо бўлиб уни (вирусни) назорат қилиш имкониятлари яхшиланишидан сўнг у ҳар йилги гриппга ўхшаш ҳолатга келади”, деб қўшимча қилди Валланс.