Ватан, гулхан бўлай ўчоқларингда!

Шоира Хосият Бобомуродованинг юқоридаги мисраларини ўқирканмиз, вилоят мусиқали театрда бўлиши режалаштирилган шеърият кечаси ташқарида ҳаво ҳарорати қарийб қирқ даражага яқинлашиб қолган бир об-ҳавога тўғри келиши бежиз эмаслигини ҳис қилдик.
Унинг Ватан ҳақида ёзилган шеърларининг ҳар бир сатри қалбингизга чўғ солади, инчунун, уларнинг ҳар бири қалб қўри-ла битилган, сатрлардан оҳанглар эврилган.
Ҳа, Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида халқимизнинг севимли шоираси, “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ва
“Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳибаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродованинг табаррук 75 ёшга тўлиши муносабати “Гулхонага айлансин Ватан” номли бадиий-маърифий кеча бошланди. Ичкарида ҳаво ҳарорати мўътадил бўлса-да, сўз ихлосмандлари олов қалбли шоира тафтидан қўр олиб ўтиришгани рост.
Кечада вилоят ҳамда пойтахтимизда, умуман, республикамизнинг турли ҳудудларида ижод қилаётган ижодкорлар, вилоят ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар вакиллари, бир сўз билан айтганда, шеърият ихлосмандлари жамланди.
Кеча аввалида Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, йиғилганларни бугунги шеърият, адабиёт байрами билан қутлар экан, ёшлар тарбияси, инсон камолотида ижодкорлар меҳнатининг қадрига алоҳида тўхталиб ўтди.
Бундай ижодкорлар сафида бугун Хосият Бобомуродова номининг алоҳида айтилиши, шоира ижодида гўзал туйғулар қаторида Ватанга муҳаббат мавзуси алоҳида ўрин тутиши таъкидлаб ўтилди.
Бадиий саҳнада меҳмонлар, адабиётшунос, шоир ва ёзувчилар томонидан айтилаётган сўз, фикрлар, санъаткорлар томонидан ижро этилаётган куй-рақслар давом этмоқда.
Гулруҳ Мўминова.