Ватан ҳимоячилари тантанали кузатилди

Унда тиббий кўрик, жисмоний тайёргарлик ва тест синовларида сараланган чақирилувчиларнинг дастлабки гуруҳи муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатилди. 
Вилоят ҳокими ўринбосари А.Умаров, Марказий ҳарбий округ қўмондони А.Саидов, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси М.Бобоёров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов ва бошқалар йигитларни табриклаб, уларга оқ йўл тилади. 
– Бугун ўғлимни муддатли ҳарбий хизматга кузатаётганимдан беҳад хурсандман, – дейди Машраб Шукуров. – Бу ҳар бир ота-онанинг орзуси. Ўғлим халқимиз, Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишига ишонаман.
– Бугун энг катта орзуларимдан бири амалга ошиб, ҳарбий хизматга йўл олаётганимдан ҳаяжондаман, – дейди булунғурлик чақирилувчи Шерзод Исломов. – Чунки Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчидир. Мен халқимиз тинчлиги йўлида бор куч-ғайратимни аямайман.
Маросимда муддатли ҳарбий хизматга кузатилаётган йигитларга эсдалик совғалари топширилди. 

Бахтиёр МУСТАНОВ.

Сафарбарлик чақируви резерви хизмати:
Тўлов нархи камайди

– Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга тўланадиган пул бадаллари ўзгарибди. Шу ҳақда маълумот берсангиз?
Ж.УМАРОВ,
Пахтачи тумани.

– Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги  Фармонига мувофиқ, сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали жорий йилнинг 5 февралидан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари, яъни 3 миллион  444 минг 800 сўм этиб белгиланди. 
Бунга қадар сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробари, яъни 4 миллион  736 минг 600 сўмни ташкил этганди.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида туман (шаҳар)  чақирув комиссиялари томонидан сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказиладиган чақирув ёшидаги фуқаролар янгидан белгиланган пул бадали миқдори бўйича шартномалар имзолаб, пул бадалларини тўлашлари мумкин.
Сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинган чақирилувчилар томонидан пул бадаллари, уларни сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинганидан кейин бир йил мобайнида Халқ банки муассасалари орқали тўланади. Томонларнинг келишувига кўра тўлов тўлиқ ҳажмда бир йўла ёхуд босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин.
Саволга вилоят мудофаа ишлари бошқармаси сафарбарлик чақируви резерви бўлими бошлиғи 

Ўткир ТЎРАҚЎЗИЕВ жавоб берди.