“Ватан таянчи” отрядига қабул қилинган 200 нафар ўқувчига кўкрак нишонлар топширилди

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил этилган эди.

Қарорга кўра, умумтаълим мактабларида таркиби 20 нафар бўлган 10-, 11-синф ўқувчиларидан иборат “Ватан таянчи” отрядлари тузилган бўлиб, ҳаракат фаолиятида фаол иштирок этган мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир отряднинг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади.

Тегишли тавсияномаларга эга бўлган отряд аъзолари республика олий ҳарбий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўлади. Берилган тавсияномалар уч йил мобайнида амал қилади.

Бугун Самарқанд шаҳрида “Ватан таянчи” отряди аъзолигига қабул қилинган 200 нафар 10-, 11-синф ўқувчиларига кўкрак нишонларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати, Қозоғистон Республикаси “Жаз-сарбаз” миллий ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати, вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “Ватанпарвар” ташкилоти масъуллари ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.

Маросим аввалида ёшлар ўқиш ва спортда, жамоат ишларида фаол бўлишга ҳамда буюк аждодларимизга муносиб издош эканликларини исботлашга ваъда берди. Тадбирда сўз олганлар ёшларнинг берган ваъдасига содиқ қолган ҳолда эркин фикрлайдиган, билимли, мамлакати, халқи ва ўз оиласининг фаровонлигини учун хизмат қиладиган ватанпарвар ёшлар бўлиб етишишини таъкидлади.

Тадбир давомида буюк аждодларимиз акс этган саҳна кўринишлари, ҳарбий оркестр ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган чиқишлар ёшларнинг ҳарбийликка бўлган қизиқишни янада оширди.