"Ватанпарвар" ташкилоти: тарғибот тадбирлари самара беряпти

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Самарқанд бирлашган техника мактаби ташаббуси билан ўтказилган тадбирда ўқувчиларга хизмат автомобилини бошқариш, йўл ҳаракати, вазифа хавфсизликлари каби қатор масалалар бўйича тушунча берилди ва мавзуга оид видеофильм намойиш этилди.

***

 «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашига қарашли «Найман» ўқув-спорт клуби аъзолари томонидан Оқдарё туманидаги 38 ва 43-умумий ўрта таълим мактабида ёш авлодни Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, уларда ҳарбий ватанпарварлик руҳини шакллантиришга қаратилган тадбир ташкил этилди.

Тадбир давомида ёшлар «Менинг дадам Ватан ҳимоячиси» мавзусида иншо ёзиш ҳамда «Ватанга хизмат – шарафли бурч» мавзусида расм чизиш шартлари бўйича ўз маҳоратларини кўрсатишди.

- Бу каби тадбирлар ўқувчиларимизнинг Ватанга садоқатли, юртга меҳрли бўлишига хизмат қилади, - дейди 38-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Дилноза Қодирова. – Мактабимиздан 100 нафарга яқин ўқувчи тадбир танловида қатнашиб, рағбатлантирилди.

Шунингдек, клуб аъзолари тумандаги 36-мактабгача таълим муассасасида бўлишди. Болажонларнинг она Ватан ҳақида айтган шеърлари тадбирга файз киритди ҳамда иштирокчилар ўртасида йўл қоидасига амал қилиш бўйича «Светофор» тадбири ташкил этилди.

Бобохон ПЎЛАТОВ,

Асал ОДИЛОВА.