Вазирлик карантин қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди

ССВ ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 15 августидан бошлаб Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилди. Автотранспорт воситаларининг ҳаракати ва бозорлар фаолиятига босқичма-босқич рухсат берилди. 5 сентябрдан эса қатор фаолият турларига чекловлар бекор қилинди. Улар орасида умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона), томоша ва маданий-кўнгилочар объектлар (фақатгина театр ва кинотеатр) ҳамда парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар ҳам мавжуд.

Аммо бу юртимизда коронавирус инфекцияси чекингани ва одамлар эҳтиёт чораларини унутиб, хоҳлаган жойида ҳаракат қилишлари мумкинлигини англатмайди. Мамлакатимизда ҳали ҳам “COVID-19” тарқалишининг олдини олиш ва касалликка чалинганларни аниқлаш ҳамда даволаш чоралари фаол олиб борилмоқда.

Охирги бир ҳафта давомида коронавирус инфекциясига чалинганларнинг қайд этилиш кўрсаткичи сезиларли даражада пасайган бўлса-да, бу хотиржамликка берилиш, вирусга нисбатан ҳушёрликни унутиш мумкин, дегани эмас.

— Масалага тез тиббий ёрдам хизматига қилинаётган мурожаатлар таҳлили мисолида қарайдиган бўлсак, сентябрнинг дастлабки ҳафтасида чақирувлар сони бирмунча ошганлигига гувоҳ бўламиз, — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Умидулло Рисқиев. — Жумладан, пойтахтимизда жорий йил августнинг охирги 7 кунида чақириқларнинг умумий сони 18 316 та бўлган бўлса, сентябрь ойининг биринчи 7 кунлигида эса 19 707 тани ташкил этди. Бу кўрсаткичлар охирги ҳафтада чақириқларнинг умумий сони 1 391 тага ортганини кўрсатади. Айтиш лозимки, 1–7 сентябрь кунлари келиб тушган чақирувлардан 6 145 таси (умумий чақириқларнинг 31,2 фоизи) тана ҳароратининг ошиши, 3 091 таси (умумий чақириқларнинг 15,7 фоизи) ўткир респиратор касалликлари билан боғлиқ бўлган бўлса, 814 таси (умумий чақириқларнинг 4,1 фоизи) эса пневмония белгилари мавжуд беморлар томонидан амалга оширилган.

Шулардан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор аҳолини ҳушёрликка ва ҳар бир фуқарони ўзини ҳимоя қилиш қоидаларига қатъий амал қилишга чақиради.