Вазирлик ва ЮНИСЕФ сифатли мактабгача таълим тармоғини кенгайтиради

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги БМТнинг Болалар Жамғармаси (ЮНИСЕФ) билан сифатли мактабгача таълим тармоғини кенгайтириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида иш олиб бормоқда.

Ушбу лойиҳа Ислом тараққиёт банки томонидан 50 миллион АҚШ долларига молиялаштирилган.

Мазкур лойиҳа доирасида республикадаги 11 та Педагогик маҳорат марказига аудитория, лаборатория ва компьютер хонаси бериш режалаштирилган. Молиялаштирилган маблағ эвазига бугун Самарқанд вилояти педагогик маҳорат марказида мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари учун маҳорат маркази очилди.

Марказнинг очилиш маросимида мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, ЮНИСЕФ ижрочи директори Кетрин Рассел хоним иштирок этди.

Дастлаб меҳмонларга лойиҳа доирасида бажарилиши керак бўлган амалий ишлар тақдимоти бўлиб ўтди. Шундан сўнг, марказда тайёрланган хоналар билан танишилди.

- Ҳозиргача Самарқанд, Қашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ўқув марказларини ташкил этдик, қолган олтита марказ 2025 йил охиригача ишга тушади, - деди мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Оятулла Раҳматуллаев. - Бунинг алоҳида эътиборли томони шундаки, мактабгача ва мактаб таълими вазири жорий йил бошида Италияга қилган ташрифи давомида Реджи Эмилио таълим маркази билан ҳамкорлик келишувини амалга оширган. Ҳозирда марказ мутахассислари айнан ушбу лойиҳа доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган мактабгача таълим тизими педагоглари малакасини ошириш марказларини ўқув услубий таъминотини яратишда бевосита иштирок этмоқда.

Ушбу марказ вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг малакасини оширади. Марказнинг биринчи босқичида хоналар жиҳозланган бўлса, асосий босқичида 25 нафар тренинг ўқитилади. Улар туманлардаги мактабгача таълим ташкилотлари педагогларини ўқитади. Шу тариқа барча мактабгача таълим ташкилотлари қамраб олинади. Энди болалар таълим жараёнида фақатгина томошабин сифатида эмас, балки жараённинг бажарувчиси сифатида иштирок этади. Таълим жараёнида педагоглар уларга тўғри йўналиш бериш билан чекланади. Бунда мактаб ёшидаги болаларнинг жамиятга мослаштириш, табиатга яқинлаштириш бирламчи вазифа сифатида эътиборга олинган.

Хуршида Эрназарова.