Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда бир нечта гиёҳвандлик воситалари савдосининг олди олинди

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Самарқанд ва Навоий вилоятларини боғловчи “Самарқанд” ЙПХ масканида Иштихон туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Машинанинг салон қисмида 2 килограмм 27 грамм “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу наркотик моддаларни қонунбузар сотиш мақсадида Хоразм вилоятига олиб кетаётган бўлган.

Бошқа бир ҳолатда эса кўп босқичли тезкор тадбир ўтказилиб, дастлаб “Чўпон ота” ЙПХ масканида тўхтатилган автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, Бекобод шаҳрида яшовчи 2 нафар фуқаронинг ёнида 984 грамм “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Сўнгра Булунғур туманидаги “Юқори нуқта” ЙПХ масканида уларнинг шериги, Бекобод шаҳрида яшовчи, муқаддам 3 маротаба судланган шахс ўзининг “Нексия” русумли автомашинасида 989 грамм “гашиш” моддасини олиб кетаётган вақтида ушланган.

Шунингдек, ушбу гиёҳвандлик воситаларини Тожикистон Республикасидан олиб келиб, сотилишини йўлга қўйган Бекобод шаҳрида яшовчи, гуруҳ ташкилотчиси ҳам Самарқанд вилоятида қўлга олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.