Вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш саккизинчи сессияси бўлиб ўтди
Сессия ишини Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борди.
Депутатлар 2020 йилги вилоят бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Бу ҳақда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев маъруза қилди.
Қайд этилганидек, жорий йилги солиқ-бюджет сиёсатига асосан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида бирнеча турдаги солиқ ставкалари пасайтирилди. Бироқ ишлаб чиқариш ҳажмининг ҳамда тадбиркорлар сонининг ошиши ҳисобига даромадлар базаси кенгайиб, йўқотишлар ўрни қопланган. Йил якунига қадар вилоят бюджетига қўшимча 400 миллиард сўм даромад туширилиши прогноз қилинмоқда.
Қўшимча даромадлар ҳисобига “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги бунёдкорлик ишларига 65 миллиард сўм, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ижтимоий соҳа муассасаларига 97,6 миллиард сўм, янги иш ўринларини яратишга кўмаклашиш жамғармасига 5 миллиард сўм, ҳарбий-маъмурий секторни ривожлантиришга 28,4 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган.
Келгуси йилда вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлари жами 2 триллион 714,8 миллиард сўм, харажатлари эса 3 триллион 36,6 миллиард сўм, республика бюджетидан ажратиладиган трансферт миқдори 321,8 миллиард сўм бўлиши прогноз қилинмоқда.
Таъкидланганидек, вилоят бюджети харажатларининг 49,6 фоизини ёки 537,7 миллиард сўми иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ташкил этади.
Вилоят бюджети харажатлари соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, ижтимоий соҳа харажатлари 623,9 миллиард сўмни ташкил этиши билдирилди. Шунингдек, келгуси йилда мактабгача таълим соҳасига 3,2 миллиард сўм, умумий ўрта таълим харажатларига 157 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 391 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
Муҳокамалар давомида 2020 йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларини харид қилишга ажратиладиган маблағларни ошириш сиёсати давом эттирилиши маълум қилинди. Жумладан, дори-дармон ва боғлов воситалари учун харажатлар 36,7 миллиард сўм (2019 йилда 30,7 миллиард сўм) ёки ўтган йилга нисбатан 120 фоиз кўпроқ маблағ ажратилиши белгиланди.
Шунингдек, келгуси йилда умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва эксплуатация харажатларига 120,9 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари шаҳар ва туманлар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиради.
Кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси директори Баҳром Ашрафхонов ва Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мирзиёд Маҳкамов иштирок этди.